French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастури: эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 45 мингга яқинига имтиёзли кредитлар ажратилган
15:45 / 2023-11-06

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан Давлат дастурининг 9 ойлик ҳисоботи ва 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида 9 ойлик ҳисобот кўриб чиқилар экан, Давлат дастурининг жами 443 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 250 тасининг ижро муддати 2023 йилнинг 9 ойи этиб белгилангани қайд этилди.  

Шундан 187 та банд тўлиқ бажарилган, 42 тасининг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 14 тасининг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган. 2023 йилнинг 9 ойи якунида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,7 фоизни, хизматлар – 6,5 фоизни ташкил қилган. Кўрилган қўшимча чоралар натижасида 914 миллион долларлик 2 минг 9 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 24 мингта янги иш ўринлари яратилишига эришилган.  

Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларга ажратилган бюджет маблағларининг сарфланишига қаратди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида 7,7 миллион 30 ёшдан ошган хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг 1 миллион 680 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларнинг 929 минг 813 нафарига ёрдам кўрсатилган. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 45 мингга яқинига имтиёзли кредитлар ажратилган.    

Халқ вакиллари ижтимоий соҳага йўналтирилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишида масъулларнинг жавобгарлигини кучайтириш борасида таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.    

Йиғилишда “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда Бюджетнома ҳам кўриб чиқилар экан, депутатлар келгуси йилда ижтимоий соҳа — таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, эҳтиёжманд кишиларни уй-жой билан таъминлаш каби қатор масалалар учун Давлат бюджети харажатларининг 48 фоизга яқини йўналтирилиши кўзда тутилганига эътибор қаратди. Лойиҳага кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун 18,6 триллион сўм маблағ режалаштирилмоқда.    

Муҳокамаларда фракция аъзолари келгуси йилги давлат бюджетининг тақсимоти билан боғлиқ масалаларда турли саволларни ўртага ташлади. Депутат Мақсуда Ворисова дори-дармон реализацияси, соҳадаги суғурталаш тизимининг бекор қилиниши, солиқларни жорий этиш нарх-навонинг ошиб кетишига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.  

Шунингдек, 40 ёшдан ошган фуқароларни қандли диабет касаллигига текшириш учун маблағлар йўналтирилмаганига эътироз билдирди. Бунга жавобан молия вазирлиги вакиллари аҳоли глюкоза топшириши учун 14 миллиард қўшимча маблағ лойиҳага киритилишини маълум қилди.  

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА