«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш va "яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасида давлат хизматлари йўналишида тадбиркорларга қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган меъёрлар жорий этиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, ўз аҳамиятини йўқотган ёки кам аҳамиятли 13 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш, лицензия ва рухсатномаларни беришда талабгор талаб ва шартларга мос келиш-келмаслигини аниқлашга қаратилган дастлабки баҳолаш хизмати йўлга қўйилиши мумкин.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Лицензия» ахборот тизими, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида ахборот ва маслаҳат хизматларини сунъий интеллект ёрдамида кўрсатишни йўлга қўйиш қайд этилган.
Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан бинолар вa иншоотларнинг лойиҳаларини келишишни фақат электрон шаклда “Шаффоф қурилиш” тизими орқали амалга ошириш, давлат органларининг айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш ваколатини тадбиркорлик субъектларига ўтказиш ва давлат органларининг шу соҳадаги ваколатларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Масалан, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналари (ҳисоблагичлар)ни қиёслашдан ўтказиш, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини мажбурий йиллик техник кўрикдан ўтказиш каби давлат хизматлари йўлга қўйилиши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА