Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат дастури 2026 йил ислоҳотларининг бош мезони – ҳар бир инсонга муносиб шароит яратиш
21:17 / 2026-02-28

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан катта ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, 2025 йил Давлат дастурида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан жойларда хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш графиги ишлаб чиқилиб,тасдиқланди. Натижада 139 396 нафар хотин-қиз ўқишга жалб этилди. Таълим муассасалари, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси амалга оширилди. Ўтган йилнинг август ойида “Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти (https://masuliyatli-ota-onalik.uz/) ва мобиль иловаси яратилди. Ўз бизнесини кенгайтириш истагидаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари қўллаб-қувватлаш дастури бўйича ҳудудлардаги 154 та йирик тадбиркорнинг қиймати 23 миллиард 254 миллион сўм бўлган тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилди.

Амалга оширилган ижобий ишлар давоми сифатида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 25-мақсадида оила ва хотин-қизларни қўллаб қуватлаш тизимини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 200 нафар кўп болали (тўрт ва ундан ортиқ), кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар бепул соғломлаштирилади. Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, улар орасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 124 254 нафар хотин-қизни касб-ҳунарга, 210 242 нафарини тадбиркорликка, 43 620 нафарини тадбиркорликка ўқитиш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, 1 091 та маҳаллада хусусий секторларни жалб қилган ҳолда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш, ахборот-технология соҳасида 100 минг нафар хотин-қизнинг саводхонлигини ошириш, ҳудудларда хотин-қизларни касаначилик билан банд қилган аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш ва уларнинг хорижий давлатларда тажриба алмашишини ташкил этиш вазифалари белгиланган. 

Хотин-қизлар ўртасида “Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси” танловини ташкил қилиш, миллий меросни асраш, каштачилик санъатини тарғиб қилиш, ишсиз аёлларни даромад топишга ўргатиш, кўргазмаларда иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида каштачи ва дизайнерлар ўртасида “Ипак – кашта жилоси” республика танловини ўтказиш белгилаб қўйилган.

Давлат дастурида гендер тенглиги бўйича амалдаги қонунчилик нормаларини амалиётга жорий этишда муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш вазифалари ҳам белгиланган.

Нилуфар ҲУСАНБОЕВА, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази 

Ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни 

мониторинг ва таҳлил қилиш бўлим бошлиғи.

ЎзА