English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджетининг 9 ойдаги ижроси муҳокама қилинди
18:39 / 2020-12-04

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси ва бошқа масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш асоси ва тартибга солиш предмети, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг умумий қоидалари белгиланмоқда. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида ҳуқуқий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли бўлган барча ўзгартиришлар, шу жумладан, қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таъминланади.

Бундан ташқари, мажлисда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома муҳокама қилиниб, Молия вазирлиги вакилларининг тегишли ахборотлари эшитилди.

Муҳокама давомида Қонун лойиҳасидаги коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, бюджет маблағларини тақсимлаш, республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш ва бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ваколат берилишининг сабабларига изоҳ берилмаганлиги танқид қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида маҳаллий бюджетнинг тегишли захира жамғармаларини шакллантириш назарда тутилмоқда. Бироқ бугун мамлакатимизда марказлашган молиявий бошқарувдан маҳаллий молиявий бошқарувга ўтилаётган бир пайтда маҳаллий бюджетлар захира жамғармаларининг камайишига ҳамда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара ставкалари оширилганлигига қўмита аъзолари эътироз билдирди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама доирасида Давлат бюджети ижросини таъминлашда аҳолига очиқ ва шаффоф маълумотлар бериб борилишини таъминлашга қаратилган Қонуннинг нормасига тўлиқ амал қилинмаётганлиги, вазирлик ва идораларнинг қарийб 55 фоиз бюджет ижроси тўғрисидаги маълумотларни ўз веб-сайтларида жойлаштирмаслиги, жамоатчилик мурожаатлари асосида ташкил этилган тадбирларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини ажратиш тартиби тўлиқ жорий этилмаганлиги, маҳаллий бюджетдан ажратилган дори-дармон харажатлари ҳудудлар бўйича кескин фарқ қилиши каби масалалар бўйича қўмита аъзоларининг ҳақли эътирозлари билдирилди.

Қўмита мажлиси якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА