Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.
Масала бўйича молия вазири Темур Ишметов ҳисобот берди.
Таъкидланишича, карантин тадбирлари муносабати билан республикамиз иқтисодиёти ўсиши 2020 йил якуни билан 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга секинлашиб, ЯИМ ҳажми 580,2 триллион сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг I чорагида ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ўсган.
Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 триллион сўм прогноз 4 триллион 192 миллиард сўмга ошириб бажарилган, 2019 йилга нисбатан эса 20,8 триллион сўмга ўсган.
2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари белгиланган 31,9 триллион сўм прогнози амалда 33,9 триллион сўм ёки 2 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 триллион сўмга кўпайган.
Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 100 фоизга таъминланиб, 144,1 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг I чорагида 34,1 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 26,6 фоиз бўлган.
2020 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74,2 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида, 2021 йилнинг I чорагида эса 18,2 триллион сўм (умумий харажатларнинг 53,3 фоизи) маблағ сарфланган. Маҳаллий бюджетларнинг харажатлари режага нисбатан 104,8 фоизга ижро этилиб, 47,2 триллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2020 йил давомида 2 минг 726 та назорат тадбирида жами 309,2 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1 минг 238 та 223,4 миллиард сўмлик текшириш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 34,3 миллиард сўми тикланиши таъминланган ҳамда профилактика тадбирлари натижасида 165,8 миллиард сўмлик ноқонуний тўловлар тўланишининг олди олинган.
Сенат ялпи мажлиси давомида ҳисоботларни кўриб чиқишда 2020 йилги ва 2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳолати, солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳисобланган даромадлар, солиқларнинг ундирувчанлик даражаси, солиқ қарздорлиги, ортиқча тўловлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати ҳам муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга маблағларни йўналтириш ҳамда ушбу маблағларни бошқа мақсадларда сарфланишининг олдини олиш мақсадида бюджетдан ташқари хисобрақам кўринишида (жами 205 та) “Фуқаролар ташаббуси бюджети” жамғармаси очилиши таъминланди.
Бундан ташқари, республика бюджети маблағлари ҳисобидан эксперимент ўтказилаётган 14 та туман ва шаҳар учун жами 92,7 миллиард сўм маблағ тегишинча маҳаллий бюджетларга белгиланган тартибда ўтказиб берилиб, ушбу маблағлар “Фуқаролар ташаббуси бюджети” жамғармасига йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига асосан “Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисида Намунавий Низом” тасдиқланган.
Ушбу намунавий Низом асосида барча туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ўзларининг туман (шаҳар) бўйича Низомни шакллантирган ҳолда тегишинча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунга келиб 159 та туман ва шаҳарда тегишинча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан Намунавий низом асосида бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартибини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, 46 та туман ва шаҳарда мазкур Низомни тасдиқлаш бўйича қарор лойиҳаларини тегишинча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун киритилган.
Шунингдек, маҳаллий бюджетдан тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизи ва қўшимча даромадларининг 30 фоизи миқдоридаги маблағлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиш ва унинг мақсадли сарфланиши устидан Сенат томонидан доимий парламент назорати амалга оширилиши қайд этилди.
Н.Насриев, ЎзА