Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджетини шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик муҳим
15:34 / 2021-11-26

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, мазкур ҳужжат мукаммал ва халқчил ишлаб чиқилган бўлиб, у мамлакатни комплекс ривожланитириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқуллангандан сўнг парламент қуйи палатасининг барча қўмита ва фракцияларида деярли ҳар куни қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар берган таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар ва уларни молиялаштириш манбааларига оид маълумотлар ҳам чуқур таҳлил қилинди.

Йиғилишда сиёсий партиялар фракцияларининг сўзга чиққан вакиллари “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз партиялари позициясидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдириб, лойиҳани қўллаб-қувватлаш таклифини билдирдилар.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.

Мажлисда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 9 ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Темур Ишметов Давлат бюджетининг 9 ойлик якунлари бўйича маъруза қилди.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилиб, пандемия оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсган, инфляция йил бошидан 5,9 фоизни ташкил этган. Давлат бюджети даромадлари 116 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўп бўлган бўлса, харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130,3 триллион сўмни ташкил этган.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 64 триллион 38 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,3 фоизни ташкил этган.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 27 триллион 425,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани таъкидланди.

Ҳисобот даврида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 16 триллион 509,8 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 триллион 871,3 миллиард сўмга кўп демакдир.

Маълумки, Давлат бюджети мамлағларининг тўғри ва мақсадли йўналтирилиши ҳамда оқилона ижро этилиши барча соҳаларда ривожланишга, ўсишга хизмат қилади. Шу боис муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Бу борада молия ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга бюджет маблағларининг натижадорлигига оид маълумотларни кўпроқ ёритиш масаласи қўйилди. Бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Бунинг учун парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Давлат бюджетининг 2021 йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ҳам партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, ўз нуқтаи назари ва фикрларини баён қилди.

Муҳокама давомида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар атрофлича кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 9 ойлиги бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА