Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари бўлиб ўтган “Uzbek Import Fair 2025” I халқаро кўргазмасида эришилган натижалар ҳамда келишувлар юзасидан матбуот анжумани ташкил қилинди.
Анжуманда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О.Ибрагимов кўргазманинг дастлабки икки куни тафсилотлари юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, кўргазманинг дастлабки икки кунида 37 та давлатдан 8,2 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашган. Кўргазмада нафақат қўшни давлатлар, балки АҚШ, Венгрия, Корея, Миср, Озарбайжон, Покистон, Словакия, Кувайт, Япония каби давлатлардан 40 га яқин хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди. Бу эса кўргазманинг нафақат миллий, балки халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида ҳам аҳамиятини оширди.
Мамлакатимизда товарлар импорти йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда 19 фоиз, 2023 йилда 31 фоиз, 2025 йилнинг 8 ойида эса 10 фоизга ошган. Импорт таркибида асосан технологик асбоб-ускуналар, металл ва металл буюмлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника, ёқилғи-энергетика ҳамда нефть маҳсулотлари устунлик қилмоқда.
– Импорт ҳажмининг ошиши давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларининг салмоғини ҳам оширади, – дейди Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов. – 2021 йилда божхона органлари томонидан давлат бюджетига 33,2 триллион сўм божхона тўловлари ундирилган бўлса, 2024 йилда бу рақам салкам 2 баробарга ошиб, 63,3 триллион сўмни ташкил этди. 2025 йилнинг 9 ойида эса 54,1 триллион сўмни ташкил қилди.
Товарлар импорти ўсишини божхона тўловлари тушумининг ўсиши билан таққосласак, тушумларнинг ўсишини божхона тизимида рақамлаштиришнинг кенг миқёсда амалга оширилаётгани, тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олди олинаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Таҳлилларга кўра, айрим товарлар борки, уларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни бемалол йўлга қўйиш ёки мавжуд қувватларни янада кенгайтириш мумкин. Бу эса импорт ҳажмини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йилнинг 9 ойида 12 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчисига 42,2 триллион сўм божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўлланилди. 400 га яқин ТИФ қатнашчисига 4,1 триллион сўм божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Мазкур имкониятлардан фойдаланиш орқали нафақат импорт ҳажмини қисқартириш, балки янги технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш мумкин. Шу мақсадда кўргазмада Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш имконияти юқори бўлган, аммо энг кўп импорт қилинаётган 3 минг турдаги товарлар намойишга қўйилди. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта имконият яратади.

– Кўргазманинг асосий вазифаси – импортни чеклаш эмас, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни импорти юқори бўлган товарлар ҳақида аниқ маълумот билан таъминлаш, уларни ўз кўзи билан кўриш ва қўли билан ушлаб кўриш имкониятини бериш, – дейди Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Ф.Олимжонов. – Кўргазмани самарали ва мазмунли ўтказиш мақсадида маҳсулотлар 2 та павильонда 24 та тематик блокларда намойишга қўйилди. Улар орасида озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт эҳтиёт қисмлари, кимё, мебель, чарм, тўқимачилик саноати ва бошқа йўналишлар мавжуд. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун импорт ҳажми юқори бўлган товарларни ўрганиш, улар билан яқиндан танишиш ва ишлаб чиқариш бўйича амалий хулосалар чиқариш имкониятини яратади. Бундан ташқари, кўргазма доирасида импортни оптималлаштириш масаласи бўйича панель сессиялар ҳам ўтказилди.

Муҳокама жараёнида соҳа мутахассислари ва экспертлари, "ақл марказлари” ва илмий қатлам вакиллари (олимлар, тадқиқотчилар), шунингдек, фаол ишлаб чиқарувчи корхоналар жалб этилиб, саноатнинг 24 та соҳасида импортни оптималлаштириш ҳамда маҳаллий саноатни ривожлантириш юзасидан ҳозирга қадар 100 дан ортиқ таклифлар берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА