Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфландими?
17:21 / 2021-05-25

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Депутатлар 2020 йилда “COVID-19” пандемияси жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қабул қилинган бир қатор муҳим фармон ва қарорлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиётида ижобий иқтисодий ўсиш суръати сақлаб қолинганлигини эътироф этди.  

2020 йил якунлари бўйича юртимиз иқтисодиёти 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга ўсган, ялпи ички маҳсулот ҳажми 580,2 триллион сўмни ташкил этди. Коронавирус пандемияси халқаро бозорларга ўз таъсирини кўрсатганлиги оқибатида мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 36,3 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 13,1 фоизга қисқарган. Бунда экспорт 13,4 фоизга, импорт эса 12,8 фоизга камайган.

Бундан ташқари, 2020 йилда инвестицион фаоллик пасайиши ҳисобига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга қисқарди ва 202 триллион сўмни ташкил этди.

Пандемиянинг салбий таъсирига қарамай, давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 триллион сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4,2 триллион сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар 2019 йил маълумотлари билан солиштирилганда 20,8 триллион сўмга ўсди.

[gallery-2535]

2020 йилда коронавирус пандемияси натижасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхона ва туроператорлар, айрим кичик бизнес субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар берилди. Фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга солиқлар имтиёзларини ўрнатилиши ҳамда баъзи тадбиркорлик субъектлари учун солиқ қарзини тўлаш муддатларининг узайтириш, солиқ қарзи ундирилишини тўхтатиб туриш, солиқ қарзидан кечиб юбориш каби қатор чоралар кўрилганлиги аҳолининг реал даромадлари ошишига олиб келди.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 144,1 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 74,2 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Таъкидланишича, санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириш, “COVID-19” билан касалланганларни даволаш, иқтисодиётнинг энг кўп зарар кўрган соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратиш орқали пандемия оқибатларини юмшатиш билан боғлиқ тадбирларга турли манбалар ҳисобидан 77,2 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 13,3 фоиз миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар ижобий натижаларни эътироф этган ҳолда давлат бюджети ижросига оид айрим камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, 2020 йил давомида вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2 726 та назорат тадбирларида жами 309,2 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1 238 та текшириш ҳужжати қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Депутатлар бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бюджетдан маблағ ажратишда аввало, улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидладилар.

Муҳокамаларда халқ вакиллари юридик шахслар томонидан ишчиларнинг иш ҳақи ҳисобидан 231 213 та ҳолатда 243,4 миллиард сўм маблағлар жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғига тўловлар тарзида, ходимларнинг розилигини олиб ёки олмай ўтказганлиги масаласига эътибор қаратди. Республика бўйича 2020 йил давомида фаолият кўрсатган 14 минг 359 та хўжалик юритувчи субъектнинг 33,6 миллиард сўмлик ортиқча тўланган солиқ суммаси қайтариб берилмаганлиги ёки фоизлар ҳисобланмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқдилар.

Қайд этилдики, 2021 йилнинг январь-март ойларида республикамиз иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 128,6 триллион сўмни ташкил этди. Иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизга, қурилишда 0,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 3,1 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида 2,8 фоизга ўсиши таъминланган. Инфляция даражаси йиллик нисбатда 10,9 фоизни, ўтган йилнинг январь-мартига нисбатан эса 2,7 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 33,9 триллион сўмни, харажатлари эса 34,1 триллион сўмни ташкил этган. Иқтисодиётни жонлантириш ҳамда истеъмолни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий харажатлар 2021 йил 1-чорак якуни билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга оширилган.

Мажлисда депутатлар ижобий натижалар билан бир қаторда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ошиб бораётгани ва бу ҳолат аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 248 та назорат тадбирининг 198 тасида 43,3 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 мартага ошган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 275 та назорат тадбирининг 212 тасида 23,3 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 мартага ошган.  

Парламент қуйи палатаси аъзолари йиғилишда иштирок этган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг эътиборини пандемия шароитида давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромад ва харажатларини амалга оширишда келгуси чоракларда кўзда тутилиши лозим бўлган бошқа долзарб вазифаларга ҳам қаратишди.  

Қизғин муҳокамалар давомида парламент қуйи палатаси вакиллари маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун парламент депутатлари тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан яқин ҳамкорлик қилишга доир аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.

Мажлисда давлат бюджети ижроси юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ўз нуқтаи назарини билдирди.

Мажлис якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА