Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинди
12:02 / 2021-05-22

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил якунлари ҳамда 2021 йил биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Депутатлар Давлат бюджети ижроси муҳокамасига партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, айрим масалаларда тегишли вазирлик масъулларидан изоҳ сўради.

Ҳисоботда 2021 йил 1 январь ҳолатига давлат ташқи қарзи 23,3 миллиард, ички қарзи эса 2,2 миллиард долларга етгани кўрсатилган. Лекин аксарият ривожланган давлатлар, жумладан, Япониянинг ташқи қарзга қараганда ички қарзи кўпроқ. Ўзбекистоннинг эса ички қарзи ташқи қарзга нисбатан 10 баробарга кам ҳисобланади.

Депутатлар Давлат бюджети ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Йиғилишда шунингдек, бошқа бир қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Абдурасулов жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли ва банк ўртасида мулоқот тўғри йўлга қўйилмагани бўйича эътирозлар бўлаётганини таъкидлади. Депутатнинг қайд этишича, аксарият аҳоли вакиллари банкларга фақат кредит берувчи манба сифатида қарайди. Омонатга пул қўйиш, аҳолига облигация сотиш шаклланмаган. Бунинг асосий сабаби, кўпчилик банкларга ишонмаса, бошқалар ўз эътиқоди туфайли амалдаги банк хизматидан фойдаланмайди. Сўровлардан маълум бўлдики, аҳолининг 90 фоизидан ортиғини мусулмонлар ташкил қилган мамлакатимизда қарийб 20 фоиз аҳоли исломий банк хизматидан фойдаланишни хоҳлайди. ЎзМТДП томонидан илгари сурилаётган Исломий банк хизматини йўлга қўйиш ишлари эса ҳамон чўзилмоқда.

Фракция аъзолари Марказий банк томонидан бу соҳада етарли ишлар олиб борилмаётганига эътибор қаратиб, тегишли чоралар кўриш зарурлигини айтиб ўтди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА