Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети дефицити февралда 7,2 триллион сўмдан ошган 
15:00 / 2024-03-04

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, февраль ойида Давлат бюджети даромадлари 16,9 триллион сўмни, харажатлари эса 24,1 триллион сўмни ташкил этган. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 7,2 триллион сўмдан ошган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, январь ойида Давлат бюджетининг харажатлари даромадларидан 5,8 триллион сўмга ошиб кетган эди. Икки ойлик жамланган дефицит 13 триллион сўмга етган. 

2024 йил Давлат бюджети 10,3 триллион сўмлик дефицит билан тасдиқланган. Консолидациялашган бюджет дефицити 52,6 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган. 

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, 1 – 5 февраль кунлари давлат бюджети даромад ва тушумлари 1,7 триллион сўмни ташкил этган. Бюджет харажатлари миқдори эса бундан анча кўп — 9,9 триллион сўмга етган. Яъни, беш кунлик бюджет тақчиллиги 8,2 триллион сўмдан ортиқни ташкил этган. 

Ўзбекистонда охирги тўрт йил давомида бюджет дефицити белгиланган лимитлардан ортиқ шаклланиб келмоқда. Хусусан, 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори 3 фоиз этиб белгиланган бўлса-да, амалда 5,5 фоизгача ўсган. 

2024 йил консолидациялашган бюджети 52,6 триллион сўмлик дефицит билан қабул қилинган ва мамлакат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизидан ошмаслиги белгиланган. 

Бюджет қонунига кўра, жорий йилда чекланган давлат ташқи қарзини жалб қилиш ҳажми 5 миллиард доллар бўлади. Шундан 2,5 миллиард доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга, қолган 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун сарфланиши кўзда тутилган. 

Ш.Маматуропова, ЎзА