Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси доирасида қатор натижаларга эришилди. Хусусан, жорий биринчи ярим йилликда давлат бюджети даромадлари 144,2 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 23,2 триллион сўмга (19,2 фоиз) кўпайди.
Ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ўсиб, 808 триллион сўмни ташкил этди ва унинг аҳоли жон бошига ҳажми 21,4 миллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 фоизга кўпайди.
Иқтисодий ўсишнинг 54,7 фоизи хизматлар соҳаси ҳисобига шаклланиб, бу асосан бозор хизматларининг 13,3 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди. Шунингдек, саноат 6,6 фоизга, қурилиш ишлари 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсди.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 273,4 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида маълум қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА