Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети даромадлари 162,9 триллион сўмни ташкил этган
16:56 / 2023-12-12

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқмоқда.

Мазкур масала бўйича иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди.  

– Асосий иқтисодий ҳамкорларимиз бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг пасайиши каби ҳолатлар кузатилаётганига қарамасдан, ўз вақтида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш имкониятини берди. 2023 йилнинг тўққиз ойида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 5,8 фоизга, хизматлар соҳаси 6,5 фоизга, саноат 5,7 фоизга, қурилиш ишлари 5,6 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 14,3 фоизга ошиб, 14,4 млн. сўмни ташкил этган. Ташқи савдо айланмаси 44,7 млрд. долларни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 22,1 фоизга ўсган.  

Ҳисобот даврида мамлакатимизда рағбатлантирувчи фискал сиёсат олиб борилганлиги, самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларининг бекор қилиниши натижасида тадбиркорлик фаоллиги сезиларли даражада ошди. Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш эвазига легал фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бормоқда. Натижада Давлат бюджети даромадлари ҳажми 162,9 трлн. сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 трлн. сўмга ошириб бажарилган. Маҳаллий бюджетлар даромадлар прогнози ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2023 йилнинг тўққиз ойида ҳудудлар ихтиёрида жами 3 трлн.сўм маблағлар қолдирилди.  

Давлат бюджети харажатлар қисмида ижтимоий йўналтирилганлик тамойили сақлаб қолинган ҳолда, умумий харажатларнинг 98,5 трлн. сўми ёки 49 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланди. Унинг 88,5 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига тўғри келади, – деди вазир.  

[gallery-15042]

Муҳокамаларда депутатлар бюджет ижросига доир бир қатор масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, айрим вазирликлар томонидан давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилмасдан қолаётгани депутатлар эътиборида бўлди. Хусусан, белгиланган режага кўра, таълим соҳасига ажратилган маблағлар 94,3 фоизга, фанга йўналтирилган харажатлар 90,7 фоизга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш харажатлари 73,3 фоизга, уй-жой коммунал ишлари харажатлари 91,1 фоизга, табиатни муҳофаза қилиш харажатлари 91,2 фоизга бажарилгани депутатлар эътирозларига сабаб бўлди.  

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бюджетдан ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмагани таъкидланди. Масалан, болалар тиббиёт ва туғруқ муассасаларида юқори технологик лаборатория ускуналаридан тўлақонли ва самарали фойдаланиш мақсадида реагентлар, сарфланадиган анжомлар ҳамда сервис хизматлари учун ажратилган маблағлар атиги 21,8 фоизга, наркология марказларини тиббиёт ускуналари билан таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг 28 фоизи ўзлаштирилган, кам учрайдиган орфан ва бошқа ирсий генетик касалликларга чалинган болаларни даволаш учун дастур 80 фоизга бажарилган холос. Қизиқ, ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмаганининг сабаблари нимада?  

Бунга соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова тушунтириш берди.  

Шунингдек, халқ вакиллари турли соҳа ва тармоқларга ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли сарфланиши билан боғлиқ масалаларни кўтарди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА