Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети даромадлари 14 фоизга кўпайган
14:25 / 2024-08-13

Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш мамлакат равнақига хизмат қилади. Шу маънода 2024 йил биринчи ярим йиллигида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми 6,4 фоизга, саноат 7,8, қурилиш 10,1, хизматлар 12,9, қишлоқ хўжалиги эса 3,8 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари эса 120,9 трлн. сўмга етиб, 14 фоизга кўпайган.  

Ўтган даврда тадбиркорлик фаолияти учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинган. Берилган енгиллик ва имтиёзлар ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 56,3 триллион сўм маблағ қолган.  

Жорий олти ой давомида ёшлар сиёсати соҳасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 48 минг ёшга 856,5 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 32 минг ёш касб-ҳунарга ўқитилган ва бандлиги таъминланган.  

Таълим-тарбия соҳаси ҳар бир давлатнинг бугуни ва эртасини ҳал қилувчи муҳим йўналишдир. Шу боис юртимизда мазкур соҳалар ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат бюджетидан тизимга ажратиладиган маблағлар миқдори ошириб борилмоқда. Бу борада ҳисобот даврида 2 минг 684 та янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган ва бу орқали қамров 74,6 фоизга етказилган. 37 та нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали қўшимча 8500 та янги ўқувчи ўрни яратилган. Йил якунига қадар эса яна 12 та нодавлат умумтаълим ташкилотлари очилиши режалаштирилган.  

Шунингдек, сифатли таълим бераётган умумтаълим мактаблари педагогларини муносиб рағбатлантириш, педагог кадрларни касбий сертификатлаш йўналишида муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. 210 мингдан ортиқ педагог ва раҳбарлар малакаси оширилиб, 110 нафар педагог хорижий давлатларга малака ошириш учун юборилган. Олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилган.  

Парламент қуйи палатасидаги партия фракциялари йиғилишларида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинар экан, дастурнинг барча бандларидаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Қизғин муҳокамалар давомида халқ вакиллари Давлат дастури ижроси самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф-тавсиялар берди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА