French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бюджети бажарилмаган ишлар, қўшиб ёзиш, нархларни ошириб кўрсатиш каби қинғирликларга қачонгача дош беради?
15:26 / 2022-11-18

Давлат бюджети қачонки мақсадли сарфланса, талон-торож қилинмаса, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Бироқ, давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда турли қинғирликлар ҳамон барҳам топмаяпти. Хусусан, қурилиш соҳасида ўтказилган назорат тадбирларида ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳисоботларга қўшиб ёзиш, лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилиш материалларини юқори нархларда кўрсатиш каби хато ва камчиликлар аниқланган.  

Ижтимоий ривожлантириш борасидаги давлат дастурларида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга ажратилган маблағларнинг мақсадли, ўз муддатида ва тўлиқ ўзлаштирилишида ҳам айрим муаммо ва хатолар мавжуд.  

Бу муаммолар Сенат ялпи мажлисида Давлат бюджетининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокамаси пайтида қайд этилди.  

Мажлисда вазирлик ва идоралар тизимидаги ички аудит хизмати фаолияти самарадорлиги таҳлилига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳамон бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаётир.  

Шунингдек, вазирлик ва идоралар бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари ижроси таҳлили ва уларнинг самарадорлик даражаси ҳисоботда ўз аксини топмаганлиги сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди. 

Маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳамда белгиланган прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.  

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳокимликларнинг фармойишлари асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларини қабул қилмасдан тўғридан-тўғри сарфланиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.  

Сенаторлар “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати юзасидан ҳам муносабат билдириб, бу борада шаффофликни таъминлаш ва фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.  

Ҳисоботда давлат харидларини амалга ошириш жараёни билан боғлиқ амалга оширилган ижобий ишлар ёритилиб, бу жараёндаги хато ва камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар кўрсатиб ўтилмагани танқид қилинди.  

Албатта, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган самарали чоралар натижасида аҳолининг реал даромадлари 409,2 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга ошган. Жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларга қарамасдан 2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш суръати сақлаб қолинди.  

Давлат бюджетининг харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларисиз 162,4 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этган. 

Сенат аъзолари муҳокама жараёнида асосий эътиборни Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, шунингдек, Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловларининг ундирувчанлик даражасига қаратди.  

Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ижросини таъминлашда ҳамда давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали, мақсадли фойдаланишда йўл қўйилган хато-камчиликлар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар билдирилди.  

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА