Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бошқарувини оптималлаштириш давлат бюджетига тушадиган юкни енгиллаштиради
17:01 / 2022-10-11

Мамлакатимизда нафақат соҳа ва тармоқлар, балки давлат бошқаруви тизими изчил ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, давлат хизматларини кўрсатиш тизими яратилиб, фаолият доираси кенгайтириб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад аҳолига кўпроқ қулайлик яратишдир.

Давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича самарали механизмлар жорий этилгани ҳам фуқаролар манфаатига хизмат қилмоқда.

Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш ҳам изчил давом этмоқда. Мақсад соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали самарадорликни оширишдир.

Бироқ, ҳали ҳам давлат идоралари сони кўплиги ижро этувчи ҳокимиятни оптималлаштиришга имкон бермаяпти. Қолаверса, бу бошқарув тизимида салбий бюрократик омиллар кўпайишига, коррупция ҳолатлари вужудга келишига олиб келмоқда.

Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини оптималлаштириш масалалари аниқ белгиланган.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ижро ҳокимияти, унинг бўлинмаларини ҳамда тузилмаларини ихчамлаштириш масалалари илгари сурилди.

Ҳужжатда ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш кўрсатилган. Давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш, хусусий секторга ўтказиладиган айрим давлат функциялари сонини уч баробарга ошириш каби масалалар белгиланган.

Адлия вазири Р.Давлетов айнан ушбу масала ҳақида фикр билдириб, “...бизда жуда катта давлат аппарати бор ва унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра буни иқтисодга йўналтириш керак. Чунки қанча давлат органи кўп бўлса, иқтисодиёт ривожланиши шунча қийин кечади. Тадбиркорларнинг ишлаши қийин бўлади. Давлат органи дегани - бу бюрократия, дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси дегани. Шунинг учун бунга барҳам бериш, бюрократия оқибатида пайдо бўлаётган коррупцияни, негатив факторларни йўқотиш керак”, деб қайд этган.

Бироқ, амалда ижро ҳокимияти тизими кўплигича қолмоқда. Қолаверса, давлат ҳокимияти органларининг тез-тез қайта тузилиши ушбу соҳадаги ислоҳотларга тўғри келмайди.

Бугунги кунда 25 вазирлик фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларга назар соладиган бўлсак, мавжуд 10 та вазирликка 15 таси қўшилди. Жумладан, учта вазирлик тубдан янгиланди, 12 янги вазирлик ташкил этилди.

Шунингдек, ижро этувчи ҳокимият тизимида 34 агентлик, 10 давлат қўмитаси, 6 қўмита, 15 инспекция, 6 марказ, 2 марказий муассаса вa яна хизмат ҳамда комиссиялар ҳам мавжуд.

2016 йилда 48 та вазирлик вa идоралар фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 100 га яқинлашган ҳамда вазирлик вa идоралар ходимларининг умумий сони уч бараварга ошган. Ушбу кенг ҳукумат учун 2016 йилга нисбатан давлат бюджетидан тахминан тўрт баравар ортиқча маблағ сарфланмоқда.

Шу ўринда чет эл тажрибасига қарайдиган бўлсак: Австрия ва Японияда 13 вазирлик, Германияда 14 вазирлик, Швейцарияда 7 вазирлик, Хитойда 21 вазирлик фаолият кўрсатади.

Давлатимизда оптималлаштиришда қандай муаммолар мавжуд? Нима сабабдан оптимал давлат бошқаруви тизимини шакллантира олмаяпмиз?

Биринчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегаралаб қўйилмагани уларнинг давлат аппаратидаги аниқ ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаяпти.

Иккинчидан, давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлашганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш вa аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари роли пасайишига олиб келмоқда.

Учинчидан, давлат-хусусий шерикликнинг суст ривожлангани нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини чеклайди ҳамда оқибатда бюджет харажатларининг камайишини таъминламайди.

Тўртинчидан, айрим раҳбарларда масъулият вa ташаббускорлик етарли эмаслиги соҳа, тармоқ вa ҳудудларни ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни вa мақсадли кўрсатмаларни ўз вақтида ҳамда сифатли ҳал этишга салбий таъсир қилмоқда.

Бешинчидан, айрим соҳаларга бир нечта вазирлик вa идоралар масъул эканлиги оқибатида такрорланиш ҳолатларига олиб келиб, кадр, моддий-техник, молиявий ресурсларни мақбуллаштириш имконини бермаяпти.

Олтинчидан, ижро ҳокимияти органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар нисбатан самарали ишлайдиган, аммо эскирган ёки нотўғри тузилган ташкилий тузилмалар томонидан амалга оширилиши натижасида белгиланган мақсадларга эришиш вa фуқароларга самарали хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилинадиган ҳолатлар жуда кўп учрамоқда. Бу, ўз навбатида, тартибга солинмаётган ижтимоий муносабатни тартибга солиш учун янги орган тузишни тақозо қилмоқда.

Оптималлаштириш ислоҳотидаги туб бурилиш - Президентимизнинг 2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ вa эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўлди.

Шу асосда Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига қўшиб юборилди. Натижада тизимда республика даражасидаги раҳбарлар сони икки баробарга қисқарди. Бошқарув ходимлари сони 110 тага камайди, вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга қисқартирилди.

Натижада 84,5 миллиард сўм иқтисод қилинмоқда. Бундан ташқари, тумандаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари вa юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман адлия бўлимлари билан бирлаштирилиб, битта бинода фаолият юритувчи ягона адлия бўлимларига айлантирилди. Шунингдек, вазирлик марказий аппаратидаги бошқармалар сони ҳам 24 дан 20 тага қисқартирилди.

Бу амалиётни таълим соҳасида ҳам амалга ошириш мумкин. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий вa ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясини ягона вазирликка бирлаштириш мақсадга мувофиқ.

Япония давлатида Таълим, маданият, спорт, фан вa технология вазирлиги мавжуд бўлиб, таълимнинг барча босқичини шу билан бирга спорт, маданият, технология соҳасини ҳам қамраб олган. Сингапурда ҳам Таълим вазирлиги таълимнинг барча босқичини тартибга солади.

Ҳудудларни ҳамда соҳаларни ривожлантириш борасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт вa камбағалликни қисқартириш вазирлиги деярли бир хил функцияларни бажараётгани сабабли ушбу икки органдан бирини тугатиш даркор.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги тугатилиб, маданий мерос вa туризм бўйича ваколатларни Маданият вазирлигига ўтказса ҳам бўлади.

Японияда ушбу соҳаларни тартибга солувчи алоҳида вазирлик ташкил этилмаган бўлиб, бу соҳаларни Таълим, маданият, спорт фан вa технология вазирлиги ҳамда Ер, инфаструктура, транспорт ва туризм вазирлиги тартибга солади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул бўлган давлат органлари – Ветеринария вa чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекчорванасл» агентлиги, Ипакчилик вa жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Боғдорчилик вa иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги фаолияти мақбуллаштирилиб, уларнинг вазифа вa функцияларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш мумкин.

Функцияларни автоматлаштириш вa хусусийлаштиришни кенгайтириш орқали оптималлаштириш долзарб масала ҳисобланади. Бу бюджет харажатлари қисқаришига ҳам имконият яратади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат бошқарувини оптималлаштириш бюджет юкини енгиллаштиради. Ижро органларнинг бир қанча функциялари автоматлаштирилади ва хусусий секторга ўтказилади. Давлат органлари сони, улардаги ходимлар сони қисқаради ҳамда уларнинг фаолиятидаги самарадорлик ошади. Маҳаллий ижро ҳокимиятининг фаолияти такомиллашади.

Беҳруз Асроров,

Бухоро вилояти адлия бошқармаси

Жондор тумани адлия бўлими масъул ходими.

ЎзА