Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат бошқарувидаги ваколатлар ҳудудий тизимларга ўтказилиши мумкин 
19:20 / 2022-01-18

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди.

– Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган фармон лойиҳаси муҳокама давомида 43 минг мартадан ортиқ кўрилди ва 525 таклиф билдирилди, – дейди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Ҳозирда мазкур таклифлар асосида фармон лойиҳасини янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳада кўп соҳалар бўйича янги тартиб-қоидалар, хусусан, аҳоли ва тадбиркорлар учун енгилликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги ўзгаришлар, давлат бошқаруви органлари фаолиятини трансформация қилиш борасидаги янги ислоҳотлар ўз аксини топган.

Жумладан, давлат бошқаруви органларининг «Давлат – инсон учун» тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратилади.

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан, жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, эълон қилиб борилади.

Давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш тизими яратилади. Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, лойиҳада хусусий секторга ўтказиладиган ва уларни жалб қилиш мумкин бўлган айрим давлат функцияларини ошириш белгиланмоқда.

Бунда айрим соҳалардаги давлат назорати, шу жумладан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, таълим сифатини назорат қилиш, дори воситаларини сертификатлаштириш каби функцияларга хусусий сектор вакилларини жалб қилиш, хусусий секторни жалб қилиш самарадорлиги юқори бўлган соҳаларни аниқлаб, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилади.

Фармон лойиҳасида давлат бошқарувини номарказлаштириш ҳисобига маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва ҳудудий давлат бошқаруви органларининг жойларда масалаларни ҳал қилишдаги ролини ошириш бўйича ҳам янги тартиботлар белгиланиши назарда тутилган.

Бунда Республика давлат бошқаруви органларининг функция ва ваколатларини ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказишнинг тартиби ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг самарали ишлаши учун рақамли технологиялар жорий қилинади.

Бундан ташқари, лойиҳада хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш борасида ҳам муҳим режалар белгиланган.

Хусусан, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш амалиётини жорий этилади.

Иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш, инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш тартибларини жорий қилиш белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, фармоннинг қабул қилиниши натижасида келгуси йилларда етти устувор йўналиш бўйича вазифалар белгилаб олинади. Уларнинг барчаси аҳоли манфаатларини таъминлаш, мамлакат тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. 

Н.Абдураимова, ЎзА