Тошкентда давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини рағбатлантиришга бағишланган халқаро семинар ташкил этилди.
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамкорлигидаги “Ўзбекистон давлат бошқарувини ривожлантириш салоҳиятини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, гендер тенглиги масалалари бўйича фаолият юритаётган ходимлар ва “Раҳбар аёллар мактаби” дастури битирувчилари иштирок этди.

Семинарда Германия ва Латвия тажрибасига асосланган бир қатор долзарб масалалар, жумладан, ҳуқуқий тартибга солиш таъсирини баҳолаш, гендер тенгликни интеграция қилиш бўйича халқаро тажриба, гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчилик самарадорлиги ҳамда кўрсаткичлар ва баҳолаш бўйича саволларни ишлаб чиқиш каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотларда қатнашди. Ҳар бир гуруҳ иккитадан қонунни таҳлил қилиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларига нисбатан экс пост (ижродан кейинги) баҳолашни амалга оширди.

Семинар доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари таҳлил қилинди.
Қонунларни баҳолаш учун кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва қўллаш бўйича таҳлил ҳамда бошқа қонунчилик мисоллари билан германиялик ва латвиялик экспертлар онлайн тақдимот қилди.
Тадбир эртага ҳам давом этади. Якунда гуруҳлар томонидан амалга оширилган таҳлиллар ва тақдим этилган халқаро тажриба асосида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Н.Абдураимова, ЎзА