Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореядаги мутасадди ташкилотлар билан музокаралари бошланди. Музокаралар доирасида делегация аъзолари Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) президенти Ким Чае Хван билан учрашув ўтказди.
Унда NHI’да давлат хизматчиларининг рақамли компетенцияларини ривожлантириш борасида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш технологиялари ўрганилди. Хусусан, Академияда Давлат бошқаруви соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект таълим марказини ташкил этиш бўйича NHI ва кореялик ҳамкорлар билан лойиҳалар муҳокама этилди.

Қайд этилишича, Академияда мазкур марказни ташкил этишда KOICA агентлиги томонидан 2026-2030 йилларда грант орқали ёрдам берилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса ўз навбатида “Ўзбекистон-2030” стратегиясида давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатишни рақамлаштириш йўналишидаги мақсадларни самарали амалга оширишга ёрдам беради.
Академия делегацияси Корея Республикасида Корея давлат бошқаруви институти, Кемёнг университети ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар, шунингдек, халқаро конференцияда тақдимотлар қилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА