Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилган.
2024 йилда вазирликка юклатилган 75 та функция баҳолашдан ўтказилган. Унга кўра, 12 та функцияда хавф-хатар даражаси – «юқори», 3 та функцияда – «ўрта», 60 та функцияда «паст» даражада.
Хусусан, ифлослантирувчи моддаларни атроф-муҳитга чиқариб ташлаш ва оқизиш, янги ва қайта ташкил этилган корхоналар ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга туширишда экологик хавфсизлик талабларини амалга ошириш, сувни муҳофаза қилиш объектларини, сув хўжалиги тизимлари, сув омборлари ва бошқа гидротехника иншоотларини ишлатиш қоидаларини амалга ошириш, табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида рухсатнома хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, давлат экологик экспертизаси хулосаларини бериш ва ҳисобини юритиш каби ва бошқа функцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари кўп бўлган ташкилот «энг коррупциялашган», коррупциявий хавфи юқори бўлган лавозимдаги шахслар «коррупционер» ёки аксинча коррупциявий хавф-хатари асосан «паст» бўлган ташкилотлар «коррупциядан холи» ҳисобланмайди.
Ушбу ҳолатлар мазкур ташкилотларда назорат чоралари етарли йўлга қўйилгани ёки аксинча қўшимча назорат чоралари кўрилиши кераклигини, шу билан бирга, ташкилот раҳбарлари коррупциявий хавфи юқори бўлган жараёнлар (функциялар) ва мазкур функцияларни бажарувчи лавозимларни алоҳида назоратга олишига сигнал берувчи омил саналади.
Ҳозирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур асосида мавжуд хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА