Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи мобайнида «Бухоро тажрибаси – садоқат намунаси» ғояси орқали кўпгина муаммоларни комплекс ҳал қилиш йўлларини кўрсатиб берди.
Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар вилоятни камбағалликдан, ишсизликдан ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришда қўл келиши шубҳасиз.
Берилган топшириқ ижросини таъминлашда «Маҳалла еттилиги» тизими масъул ходимлари салоҳиятини ошириш жуда муҳим.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов Бухоро вилоятидаги давлат олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Бухоро давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро муҳандислик-технология институти, Бухоро давлат педагогика институти, Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида «Маҳалла еттилиги» тизими самарадорлигини ошириш, тизимдаги кадрлар малакасини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилади.
Профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлар ўқув-амалий машғулотларга, семинарларга жалб қилиниб, қўшма тадқиқотлар олиб борилади.
Маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашувчи услубий-консультатив ёрдам кўрсатиш учун эксперт-тренерлар тайёрланади. Ўзаро манфаатли йўналишларда илмий-амалий конференция ва давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ташкил этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА