Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат байроғи – ғуруримиз тимсоли
09:55 / 2022-11-08

Давлат байроғи қабул қилинган санага бағишланган “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида юртимизнинг 15 та шаҳрида ўтадиган “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаларида мамлакатимиздаги 85 олий ўқув юртида таҳсил олаётган 27 минг нафардан зиёд талаба-ёшлар қатнашиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлигида мазкур тадбирга тайёргарлик ишларининг боришига бағишланган матбуот анжуманида айтилди.  

Жорий йил 13 ноябрь куни ташкил этиладиган оммавий югуриш мусобақалари саломатлик, турли қатламдаги аҳоли вакилларини бир мақсад атрофида жипслаштириш тадбири бўлиб, унинг тафсилотлари телеканалларда жонли эфир орқали намойиш этилади.  

Анжуманда иштирок этган спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев Ватанимиз байроғи қабул қилинган кунга бағишланган спорт-ватанпарварлик тадбирларини муносиб ўтказишга пухта тайёргарлик олиб борилаётгани, Ўзбекистон байроғи ҳар бир спортчи учун ғалабалар ва ютуқларининг тимсоли, ғурур ва шон-шараф, миллий бирдамлик рамзи ҳисобланишини таъкидлади.  

Матбуот анжуманида “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаси ўтказиладиган иштирокчи-шаҳарларда тайёргарлик хусусида маълумот берилди. Оммавий югуриш мусобақаларининг йўналишлари, иштирокчилар хавфсизлиги, имконияти чекланган иштирокчиларнинг мусобақада қатнашишини ташкил этиш борасидаги масалалар, шунингдек, имконияти чекланганлар учун “Ғалабага ирода учун” махсус номинацияси таъсис этилгани қайд этилди.  

– “Yangi nafas” югуриш мусобақалари низомига биноан ўтган беш йил мобайнида спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоасига номзод бўлган спортчилар бу галги мусобақаларда қатнашмаслиги белгиланган. Мақсад энди эгнига спорт либосини кийиб, жисмоний тарбия ва спортга ошно тутинаётган инсонларга, ёшларга ғолиблик йўлида кенг имконият яратиш. Ўйлашимча, профессионал спортчиларнинг иштирокисиз ўтадиган мусобақалар янада қизиқарли кечади. Баҳсларни бошқариб боришда ҳар бир ҳудудга 23 нафардан ҳакамлар ҳамда ўнлаб кўнгилли ёрдамчилар жалб қилинади, — дейди “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақалари бош ҳаками Ҳасанбой Ортиқов.  

Дарҳақиқат, Андижон, Чирчиқ, Гулистон, Жиззах, Фарғона, Қўқон, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Бухоро, Урганч, Нукус ва ҳамда пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена”, “Янги Ўзбекистон”, “Ашхобод” боғлари ҳудудларида Ватанимиз байроғи куни муносабати билан ўтадиган оммавий югуриш мусобақалари минг-минглаб инсонларни соғлом турмуш тарзи билан ошно тутинишига катта руҳий қувват бағишлаши, аҳоли орасида саломатлик ғоясининг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.  

 

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА