Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт ареналарида кўтарилган юрт байроғи
16:24 / 2019-11-15

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир.


18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси
Давлат байроғи қабул қилинган кун

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир. Улар орасида давлат байроғи алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 йил 18 ноябрь куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шу қонун билан миллий байроғимиз давлат суверенитетининг рамзи сифатида белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт.

Бугун дунё халқлари Ўзбекистон Республикасини, давлатимиз рамзлари – байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизни яхши билади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига танилишида спортнинг кўплаб турлари жадал ривожланаётгани, иқтидорли спортчиларимизнинг муваффақиятлари муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, мамлакатни дунёга танитишда спортнинг аҳамияти беқиёс.

1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтган XII ёзги Осиё ўйинларида илк маротаба қатнашган спортчиларимизни хорижлик мухлису мутахассисларнинг кўпчилиги яхши танимас эди. Лекин нуфузли мусобақада қўлга киритилган кетма-кет ғалабалар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, футбол мусобақасида зафар қучган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Шуҳрат Мақсудовнинг финал ўйинидан сўнг давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда жамоадошлари билан бирга майдон бўйлаб югургани стадионга келган минглаб мухлисларга ва ҳал қилувчи учрашувни телевизорда кўрган миллионлаб томошабинларга Ўзбекистон ва ўзбек халқини яқиндан танитди.

Ҳеч кимдан кам бўлмаган ўзбек спортчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақаларида байроғимизни баланд кўтармоқда.

Бугун дунёнинг қайси мамлакатига бормайлик, қайси спорт мусобақасида қатнашмайлик, байроғимизга қараб Ўзбекистондан келганимизни билиб олади.

– Байроқ куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли, – дейди фахрий спортчи Ш.Мақсудов. – Давлатимиз байроғи биз – спортчилар учун муқаддас, уни доимо баланд тутиш учун боримизни бериб келмоқдамиз. Кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳамон ёдимда – Хиросима шаҳрида ўтган XII ёзги Осиё ўйинларининг футбол бўйича баҳсларида чемпион бўлиб, давлатимиз байроғини ифтихор ва ўзгача фахр билан кўтарган ҳолда майдон бўйлаб югурган эдик...

Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлод вояга етаётган экан, уларнинг жаҳон майдонларидаги ғалабалари шарафига Ватанимиз байроғи доим баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 80 га яқин мамлакатдан келган 362 боксчи ўртасида 3 олтин ва биттадан кумуш ва бронза медални қўлга киритиб, дунё бокс тарихида ўчмас из қолдирди.

– Нуфузли мусобақаларда рингга чиқар эканман, қалбимда чексиз ғурур-ифтихор, шукроналик туйғуси жўш уради. Билагимга куч, юрагимга шижоат тўлади, – дейди бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов. – Жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритиб, ғалабамиз эвазига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида қалбим фахр-ифтихорга тўлди, кўзимизда қувонч ёшлари қалқиди. Бу туйғулар эса мени доимо ғалабалар сари ундайди.

Дарҳақиқат, энг нуфузли мусобақаларда ғалабаси шарафига давлат байроғи кўтарилиши ҳар бир спортчининг орзусидир. Бугун барча соҳада ҳамюртларимиз юқори натижаларга эришмоқда. Ҳар бир ёшнинг ғурури сабаб давлат байроғи кўкларга кўтарилмоқда. Шу сабабли ҳам юрт байроғи – муқаддас.