Андижонда “2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонда белгиланган устувор вазифалар тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида арман, корейс, қирғиз, рус ҳамда уйғур миллий-маданий марказлари Андижон вилояти бўлимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мутахассислар фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган асосий вазифалар, мазкур жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, миллий-маданий марказларнинг иштироки хусусида кенг маълумот ва тушунчалар берилди.
[gallery-28028]
– Фармон ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ННТ ҳамда миллий-маданий марказлар фаолияти муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев. – Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам айнан уларнинг мазкур жараёндаги иштироки ва фаоллигини оширишга кўмаклашишга қаратилди.
Давра суҳбатида ННТ ва миллий-маданий марказлар вилоят бўлимлари фаолиятини Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар билан уйғунлаштириш, самарали ва тизимли амалга ошириш, бу борадаги илғор тажриба ҳамда иш услубларини оммалаштириш, маҳаллани ривожлантириш жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.