Дастур ижросининг юксак самаралари
Жиззах вилоятида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 520 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Жиззах вилоятида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 520 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Дастур ижроси доирасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.Вилоят инвестиция дастури доирасида 9 тиббиёт муассасасида 15,3 миллиард сўмлик капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Пахтакор туманидаги вилоят сил касалликлари шифохонаси, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасининг узоқ аҳоли пунктларида жойлашган 2 бўлими, Зомин тумани силга қарши кураш диспансери, Зарбдор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси капитал таъмирланиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
13 қишлоқ врачлик пункти мукаммал ва жорий таъмирланди. Фориш туманининг Қорабдол ва Чақур-Чуқур қишлоқлари шифохоналари янги бинога эга бўлди.
Дастур доирасида Зарбдор ва Пахтакор туманларидаги тиббиёт бирлашмаларида 1 миллиард 823 миллион сўмликдан ортиқ қурилиш- таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Зомин, Фориш, Жиззах ва Янгиобод туманлари шифохоналари еттита замонавий рентген аппарати, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази тиббий ташхис ва даволаш ускуналари билан таъминланди.
Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши профилактика ва даволаш ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
– Бу йил марказий шифохона ва поликлиникага 371,1 миллион сўмлик замонавий рентген аппарати келтириб, ўрнатилди, – дейди Жиззах тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Зокир Жўлбеков. – Бундай ишлар аҳолини тиббий кўрикка тўлиқ қамраб олиш имконини янада кенгайтирди. Ўтган даврда фертиль ёшидаги аёллар ва 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилди.
"Соғлом бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида таълим тизимидаги муассасалар, жумладан, 18 умумтаълим мактаби ва 8 касб-ҳунар коллежида 17 миллиард сўмлик капитал реконструкция ишлари бажарилди.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси манзилли дастури асосида вилоятдаги бешта умумтаълим мактабида янги спорт зали қурилди. Жиззах шаҳридаги спортнинг теннис ва бокс турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаблари капитал таъмирланди. Зомин ва Янгиобод туманларида янги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилар ихтиёрига топширилди.
Соғлом бола йилида амалга оширилган бу каби эзгу ишлар 2015 йилда ҳам давом эттирилади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, инвестиция дастури доирасида 23 таълим, 8 тиббиёт муассасасида капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чекка ҳудудларда 13 иншоот, жумладан, Бахмал, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида учта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби янгидан қурилади. Ўнта мактабда спорт заллари барпо этилади.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларимизнинг истеъдод ва салоҳиятларини юзага чиқаришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.