Андижон вилояти Жалақудуқ туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш, “Ижтимоий ягона реестр”га киритилган оилалар билан ишлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга бағишланган семинар ўтказилди.
Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Андижон вилояти прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда Хонобод шаҳри, Жалақудуқ, Хўжаобод ва Қўрғонтепа туманлари прокурорлари, “Ижтимоий ягона реестр”га киритилган оилаларга бириктирилган ташкилотлар ҳамда дастур ижросига масъул идоралар вакиллари иштирок этди.
[gallery-19585]
Семинарда сўз олган Андижон вилояти прокурорининг ўринбосари Комилжон Алимов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, аҳолининг реал даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиши қайд этилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш, “Ижтимоий ягона реестр”га киритилган оилалар билан ишлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан масъулларга топшириқ, таклиф ва тавсиялар берилди.
Дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун мавжуд имкониятларни тўла ишга солиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари