Юртимизда мебелсозлик саноатини ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу соҳада шуғулланаётган тадбиркорларга давлатимиз томонидан имкониятлар яратилмоқда, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Мебелсозлик хомашёси ўзимизда мавжуд бўлса, бу ишлаб чиқарувчига ҳам, харидорга ҳам нархининг анча арзон бўлишига замин яратади.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар бу соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур уюшма матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов мамлакатимизда ўрмон хўжаликлари камлиги инобатга олинган ҳолда ғўзапоя ёки қамиш асосида ДСП тайёрлашга ихтисослашган саноат корхоналари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди:
– Мебелсозликда фойдаланиладиган асосий хомашё бу – ДСП. Бу маҳсулот – ёғоч ёки тахта қириндисини махсус елим (Формалин-37 фоиз, “А” маркадаги карбамид) орқали бириктириб, 200 градус иссиқликда пресслаш орқали ишлаб чиқарилади.
ДСП асосан юртимизга Россия Федерацияси ва Беларусь давлатларидан импорт қилинади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида юртимизда ҳам мебелсозлик саноатини ривожлантириш, маҳаллий бозорни арзон ва сифатли ДСП маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида бир қатор йирик инвестиция лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда ғўзапоя ёки қамиш асосида ДСП тайёрлашга ихтисослашган саноат корхоналари барпо этилмоқда. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2013-2022 йилларда Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 8 та лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, Фарғона вилоятида “Яйпан водий ламинати” МЧЖ томонидан 2013 йилда 1,2 миллион доллар ҳисобига йиллик қуввати 10 минг метр куб бўлган терак ва ёғоч саноати чиқиндиларидан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган.
Сурхондарё вилоятида “Сурхон КСП Гранд” МЧЖ ҚК томонидан йилига 180 минг метр куб қамиш асосида ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳудудда йиллик қуввати 45 минг метр куб қамиш асосида ДСП ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Сурхондарётаъминбутлаш” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Қорақалпоғистон Республикасида йиллик қуввати 10 минг метр куб ДСП бўлган “Сифат Инвест Компанияси” МЧЖ фаолият юритаётган бўлса, “Муйнак ЛДСП” МЧЖ томонидан эса ўтган йил декабрь ойида 50 минг метр куб ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Бухоро вилоятида ёғоч саноати чиқиндиларидан эса йилига 10 минг метр куб МДФ тайёрлаш корхонаси ишламоқда.
Яна шуни таъкидлашни истар эдимки, мазкур корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш учун кимё саноати корхоналари томонидан йилига 19,8 минг тонна формалин 37 фоиз ва 9,2 минг тонна "Карбамид-А” хом-ашёси керак бўлади.
Мазкур корхоналар фаолияти юртимиз мебелсозлик саноати равнақида хизмат қилиши баробарида, аҳоли бандлигини таъминлашда янада аҳамиятлидир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА