Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дастлабки довон ортда қолди
16:18 / 2024-07-14

Пойтахтимизда 2024/2025 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича дастлабки тест синовлари ўтказилди.

14 июль куни эрта тонгданоқ «Ўзэкспомарказ» мажмуаси абитуриентлар, унга туташ ҳудуд эса ота-оналар, ўқишга кириш истагида бўлган ёшларнинг яқинлари билан гавжум бўлди.  

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи ортиб бораётгани мамлакатимизда улғайиб келаётган авлоднинг келажаги йўлида кўрсатилаётган амалий ғамхўрликнинг ёрқин намунаси, дейиш мумкин. Юртимизда таълим соҳаси тубдан ислоҳ этилмоқда. Олий таълим даргоҳлари сони кескин ортиб, нодавлат олий ўқув юртлари, хорижий университетларнинг филиаллари самарали фаолият юритмоқда. Бу йил таълим мутахассисликларини меҳнат бозоридаги касбларга бўлган талаб ва эҳтиёжни инобатга олган ҳолда оптималлаштиришга катта эътибор қаратилди. Айни пайтда жорий йилда абитуриентлар учун илк марта «аввал тест, кейин танлов» тамойили асосида тест-имтиҳон жараёнларига ёндашишга киришилди. Бу эса ёшларнинг ўз иқтидорига мос йўналиш бўйича олий ўқув юртларини тўғри танлашида қўшимча қулайликлар яратиши шубҳасиз.  

Барча жойларда бўлгани каби «Ўзэкспомарказ» мажмуасида ҳам ёшларнинг тест синовларини топширишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Мажмуадаги залларда тест синовлари белгиланган талаб ва қоидаларга мос тарзда бошланди.  

– Бу йил тест синовлари 14 июлдан бошланди, – деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг маслаҳатчиси Зоҳиджон Шакаров. – Тошкентда жами 8 та бинода тест синовлари бўлиб ўтди. Ундан олтитаси «Ўзэкспомарказ» мажмуасида, 7-бино «Ёшлик» спорт мажмуасида, 8-бино эса Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети спорт залида бўлди. Республика бўйича бир сменада 35-40 минг абитуриент тест синовларида иштирок этади. Мамлакат бўйича жами 805 минг 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилди. Тестлар якунлангач, абитуриентларга бешта олий ўқув юрти орасида муайян ОТМни танлаши учун 15 кунга муддат берилади.  

… Тест синовлари тартибли кечди. Бу ерда имконияти чекланган ёшларнинг билимларини синовдан ўтказиши учун ҳам етарли шароитлар яратилгани диққатга сазовордир. Синовлар бошланишидан ярим соат ўтар-ўтмас айрим абитуриентлар тест топшириб чиқаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин эди.  

Алия Эшмирзаева тестни барвақт ишлаган ёшлардан бири эди. Унинг айтишича, у пойтахтимиздаги 220-мактабни бу йил тамомлаган.  

– Тестларни қийналмасдан ишладим, – деди Алия Эшмирзаева. – Эҳтимол, қўшимча ўқув машғулотларга қатнаганим тестларни тез ишлашда катта ёрдам бўлгандир. Яна ҳам билмадим. Келгусида агар балларим етса, Тошкент архитектура ва қурилиш университетида ўқишни ният қилганман.  

Алижон Мелиев Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 21-умумтаълим мактабни ўтган йили тамомлаган экан.  

– Ўтган йили етарли балл тўплай олмагандим, – деди Алижон Мелиев. – Бу йил яна омадимни синаб кўрмоқчиман. Имтиҳонлар тартибли ўтди. Математика, турк тили, она тили фанларидан тест ишладим. 

Алижондан агар бали етса қайси олий ўқув юртини танлашини сўраганимизда, «вазиятга қарайманда», деган жавобни олдик.  

– Тошкент давлат транспорт университети қошидаги академик лицейни ўтган йили тамомлагандим, – деди Ситора Хайруллаева. – Молия-иқтисод йўналишида олий таълим олишни хоҳлайман. Кейинги йилларда айнан шу соҳалар бўйича ёшларнинг олий таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Тест жараёнига тайёргарлик кўрдим, лекин ҳаяжонданми, уларни баъзан тахминан белгилаган лаҳзаларим ҳам бўлди…  

– Тестларни қийналмасдан ишладим, – деди Муҳаммаджон Абдураҳмонов. – Ёшларнинг университетларга кириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Балки, менинг ҳам омадим келиб қолар…

Тест синовларининг дастлабки жараёни муваффақиятли ўтди. Биз эса билими пухта, ўзига ишонган, имтиҳон жараёнига ҳалол, сидқидилдан ёндашган ёшларга омад тилаб қоламиз.  

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА