Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Даштдаги мўъжиза: «Бағдод тажрибаси» минглаб оилаларни бахтли этмоқда
11:44 / 2021-09-17

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги Гулистон шаҳарчасида бўлган киши қайноқ меҳнат жараёнига, инсоннинг қўли билан яратилаётган мўъжизага гувоҳ бўлади. Дашт ўрнида замонавий архитектура талаблари асосида янги шаҳарча қад ростламоқда. Оддий одамлар тилида мазкур улкан бунёдкорлик ишларини аср қурилиши дея аталаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, туман ташкил этилганидан буён фақатгина бармоқ билан санарли кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, улардаги шароит ҳаминқадар бўлган. Туман марказида бўлсада канализация деган гаплар эртак эди. Бугун эса ҳаммаси бутунлай ўзгарди. Қисқа вақт ичида 61 та янги кўп қаватли уйлар қурилиши якунланмоқда. У ерда шароитлар эса ҳавас қилгудек.

Ҳаётда инсоннинг ўз бошпанаси, уйи бўлиши катта бахт. Шу боис мамлакатимизда аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятининг ўзида жорий йилда 97 та 2760 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қуриляпти. Бу ишларга қўшимча вилоят ҳокимининг ташаббуси билан шаҳар ва туманларда 193 та кўп қаватли 6 минг 369 хонадонли уй-жойлар қурилиши амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан «Бағдод тажрибаси» сифатида алоҳида эътироф этилган «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Гулистон шаҳарчаси лойиҳаси – туман марказидан 12-13 километр узоқда жойлашган дашт ҳудудидаги кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бугун якунига етиб, кўркам бинолар қад ростлади. Ўзига хос ечимга эга шаҳарча лойиҳаси мамлакатимизда камёб саналади. Аҳоли учун яратилаётган шарт-шароит, зарур инфратузилма, ижтимоий иншоотларнинг мажмуа ҳолда бунёд этилиши каби жиҳатлар шаҳарчанинг ҳақиқатан ҳам намунали лойиҳа асосида қурилганидан дарак беради.

– Авваллари ҳам шунақа кенг кўламли қурилишларда қатнашганмиз, лекин бу каби мукаммал лойиҳалар кам бўлади, – дейди «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, «363-Қўқон электрмонтажчи» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳаджон Исмоилов. –  Кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлашга катта эътибор бериляпти. Корхонамиз томонидан учта турар-жой қуряпмиз. Шу ҳафта охирига ҳаммасини битказиб, фойдаланишга топширамиз. Яқин кунларда бу хонадонларда уй тўйлари бўлишини ўйласам, касбим ва меҳнатимдан фахрланиб кетаман.

Аҳаджон аканинг айтишича, қурилиш ашёлари ва барча материаллар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган. Бу эса уй-жойлар нархи ошиб кетишининг олдини олади. Кўп қаватли уйларнинг нархи билан қизиқдик. Икки хоналиси 138 миллион сўм, уч хоналиси 168 миллион сўм экан. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга хонадон сотиб олиш учун 15 фоизлик бошланғич тўловнинг 10 фоизини тўлаш учун субсидия ажратилиши, олинган 17 фоизлик кредитнинг 7 фоизини тўлаш беш йилгача имтиёзли амалга оширилиши, жами тўловни 20 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш каби бир қатор қулайликлар бор.  

–Ўзимизнинг ҳам шу уйлардан харид қилгимиз келади, – дея суҳбатга қўшилишди эшик-дераза ўрнатаётган қурувчи йигитлар. – Чунки масъуллар биринчи навбатда сифатга эътибор қаратишяпти. Ҳар бир ишимиз назорат остида.

Битиш арафасидаги уйларни томоша қиларканмиз, сувсозу йўлсозлар, бўёқчию қурувчилар, техника ҳайдовчиларию ҳашарчиларнинг юзида табассум, нигоҳларида хуш кайфият ҳукмронлиги эътиборимизни тортди. Бу кайфият замирида фахр-ифтихор, ҳаётдан розилик ва эл-юрт дуоси мужассам эди.

Шаҳарчада 56-сонли ўрта таълим мактабига 420 ўринли қўшимча бино ҳамда 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси барпо этилмоқда. Ҳозирда мактаб тўлиқ қуриб фойдаланишга топширилган, болалар боғчасида сўнгги жиҳозлаш ишлари кетяпти.

–Мактабимизда ҳозирча 200 нафардан зиёд ўқувчи таълим олади. Уйлар битиши, одамлар кўчиб келиши натижасида улар сони кун сайин ортиб бормоқда, – дейди директор Муаттархон Насриддинова. –Ўқитувчиларнинг ҳам аксарияти узоқ масофадан қатнашади. Лекин масофа йироқлиги муаммо эмас. Ахир, янги шаҳарча, янги бино, янги жиҳозлар...

Мазкур таълим даргоҳида ўқув-тарбия ишлари намунали ташкил этилган. Бу йилги битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичи 43 фоизни ташкил этгани ҳам фикримиз далили бўла олади.

Шаҳарчада Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаровни учратамиз деб ўйламагандик. У оёғида этик, бошида кепка, оддий ишчилар кийимида техникалар чанг-тўзони ичидан чиқиб келди.

– Уйингда тантана, ҳашар бўлиб ётса, қандай қилиб хонада ўтириш мумкин, – дейди у. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган бу хайрли ишни якунига етказмагунча, халқимиз дуосини олмагунча дам олиш йўқ. Вилоятимиз ҳокими, секторлар раҳбарларига ҳам минг раҳмат, ҳар куни хабар олишади, муаммоларни ҳал қилишади. Шаҳарчада 1260 хонадонга мўлжалланган 61 та тўрт ва беш қаватли уй-жойлар қурилди. 950 га яқин хонадонлар учун бошланғич тўловлар амалга оширилиб, одамлар кўчиб келишни бошлашди. Тез кунда бу ер гавжум мавзега айланади. Янги тармоқлар, сув иншоотлари қурилиши натижасида ҳудудга ёндош Гулистон, Қосимобод қишлоқлари аҳолиси ҳам ичимлик сув билан таъминланаётгани қувонарли.  

Маънавият маркази, маҳалла биноси, санъат саройи, поликлиника, коворкинг маркази, сунъий қопламали спорт майдончаси, кўплаб савдо ва овқатланиш объектлари... Йўл четлари кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт ва гуллар ўтқазиляпти. Шаҳарча аҳлига ҳавас қилгулик. Кўп қаватли уйларни сув билан таъминлаш учун алоҳида сув тарқатиш иншооти қурилди, электр ва газ тармоғи тортиляпти, трансформаторлар ўрнатилган.

«Фарғона сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти томонидан бугунги кунга қадар ушбу шаҳарчадаги хонадонлар ва объектлар тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланиб, ҳудуддаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини оқава сув (канализация) хизмати билан таъминлаш мақсадида, узунлиги 3.5 километр, диаметри 500 мм бўлган оқава сув тармоқлари тортилди. Шунингдек, умумий майдони 4 гектар бўлган ҳамда суткада 1000 кубометр оқава сувларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган замонавий оқава сув тозалаш иншооти қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

400 ўринга мўлжалланган санъат саройи шаҳарча кўркига кўрк қўшмоқда. Пудратчи ташкилот «Файз Бинокор Олтиариқ» масъулияти чекланган жамияти томонидан 13,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.

Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳарчасида орзулари ушалган ҳар бир юртдошимизнинг тилида шукроналик. Улар билан суҳбатлашиб, дилингиз яйрайди. Яхшиси, сиз бу ерга бир келинг. Уларнинг азиз меҳмони бўлиб, бунёдкорлик ишларини ўз кўзингиз билан кўринг.

[gallery-3927]

М. Сулаймонов,

М. Қодиров олган (сурат), ЎзА