Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қурилиш объектларининг арзон қум-шағал материалларига бўлган талабини қондириш ҳамда уларнинг нархи барқарор бўлишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Дарё ва сой ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхати;
Республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган норуда материалларнинг мавжуд муқобил кон ва участкалари рўйхати;
Тошқин хавфи бўлган сел сув омборлари, дарёлар ўзанлари ва бошқа сув объектларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган дастлабки участкалар рўйхати;
Мораторий ҳудудига тушган норуда материаллар мавжуд кон ва участкалар рўйхати тасдиқланди.
Дарё ва сойлар ўзанини тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозалаш ҳамда қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини жадаллаштириш мақсадида, истисно тариқасида, ушбу қарорга мувофиқ:
дарё ва сой ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар бўйича аукцион савдоларини ташкил этишга;
участкалар бўйича тақдим этилган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳа ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш ҳамда улар бўйича хулосалар бериш муддатини йигирма календарь кундан ун календарь кунгача қисқартиришга рухсат берилади.
Ушбу қарорда назарда тутилган дарё ва сой ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ҳамда тозалаш лозим бўлган участкаларга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш бўйича аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабарномани эълон қилиш муддати ўн беш кунгача (такрорий савдода беш кун) қисқартирилади.
Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги:
Қишлок хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда майдалаш-саралаш қурилмаларини жойлаштириш учун танланган ҳамда ушбу қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 169 гектар суғорилмайдиган ер участкаларини туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфида бўлган бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олган ҳолда, ушбу ер участкаларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритади.
Мазкур қарорга мувофиқ муқобил участкаларнинг тоифаси саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилгандан сўнг бир ой муддатда Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда мораторийга тушган дарё ўзанларида жойлашган норуда материаллар кон ва участкалари учун ўринга-ўрин “биринчи ариза” тамойили асосида тегишли рухсатномаларни бериш бўйича икки томонлама келишув битимлари имзоланади.
Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сон Фармонига мувофиқ:
2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашдадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланган;
тоғ ва тоғолди ҳудудларда муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш назарда тутилган;
мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳилбўйи минтақалар ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммаларини ўн бараварга оширилган ҳолда қўллаш белгиланган;
шунингдек, дарёлар ўзанларидан норуда материаллар қазиб олинишини тартибга солиш ҳамда муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ишлари кечикиши натижасида қурилиш-таъмирлаш ишларида асосий хомашёлардан бўлган норуда материалларнинг танқислиги юзага келиб, нархи ошиб бораётгани;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда ўтказилган ўрганишлар давомида дарё ва сой ўзанларидаги қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган, тошқин хавфи бўлган сел сув омборлари ҳамда бошқа сув объектлари, шунингдек, норуда материаллар мавжуд муқобил кон ва участкалар аниқланган эди.
ЎзА