Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Сирдарё дарёсининг Сирдарё вилояти ҳудудидан оқиб ўтган қисмида ўзанларда тўпланиб қолган норуда материалларни тозалаш, қазиб олиш ва қирғоқларини мустаҳкамлашга қўйилган мораторий асосида бир қатор талаблар жорий этилди.
Бу талаблар асосида вилоят ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё дарёсининг Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтадиган қисмида сув оқимларини хавфсиз ўтказиб юбориш нуқтаи назаридан гидрологик ва гидрогеологик тадқиқотлар олиб борилди. Тадқиқотларда Сирдарё дарёсининг табиий гидродинамикасини сақлаш ва унинг тубида тўпланиб қолган қум-шағал маҳсулотларини аниқлаш учун сувости ерлари ўрганилди ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланди.

Мазкур қарор Сирдарё вилоятида дарё ўзанларини муҳофаза қилиш, норуда материалларини қазиб олишни тартибга солиш ва сув оқимларини хавфсиз йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш учун асос яратади. Бу нафақат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, балки экотуризмни ривожлантириш ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айни тадбирлар доирасида Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси ва тадбиркорлар томонидан дарё соҳилларида дарахтзор полосалари барпо этилиши, қум-шағал материалларини текислаш ва экотуризм инфратузилмасини яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

– Дарё соҳасини муҳофаза қилиш нафақат сув ресурсларини сақлашга, балки экотуризм орқали маҳаллий аҳолига янги иш ўринларини яратиш ва туризм салоҳиятини ошириш имконини беради. Дарахтзор полосалари ва гидротехника ишлари экологияни муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов.
– Дарё ҳудудини муҳофаза қилиш нафақат сув ва табиий ресурсларни сақлашга, балки маҳаллий аҳоли учун янги иқтисодий имкониятларни ҳам очади, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов. – Чунки дарахтзор полосаларини кенгайтириш, экопарклар ва туризм инфратузилмасини яратиш орқали экотуризмни ривожлантириш мумкин. Бу аҳолининг табиат билан боғлиқ фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва экологик барқарорликни таъминлайди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2025 йил кузи дарё ҳудудида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилади ва уларнинг парвариши доимий равишда таъминланади. Шу билан бирга, Сирдарё туманидаги Камолот, Сайхунободдаги Работ ва Гулистондаги Аҳиллик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудлари экотуризмни ривожлантириш учун танлаб олинган. Бу ерларда экопарклар, пикник зоналари, кемпинг ва овқатланиш хизматлари ташкил этилиб, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилмоқда.
Тегишли идоралар ҳамкорлигида дарё ҳудудини муҳофаза қилиш ва ноқонуний норуда қазиб олишни олдини олиш мақсадида рейдлар ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар аниқланса, чоралар кўрилади, жарималар қўлланилади ва зарар қопланади.
Барча тадбирлар Сирдарё дарёси ҳудудининг экологик барқарорлигини сақлаш ва экотуризм салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат табиатни асраб-авайлашга, балки маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири