Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дарёлик-Арна“ каналида янги энергия таъминоти тизими барпо этилмоқда
12:21 / 2019-08-28

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувга бўлган талаб йилдан-йилга ортиқ бормоқда.


Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувга бўлган талаб йилдан-йилга ортиқ бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, сувдан унумли фойдаланиш ва бу борада замонавий услубларни амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш муҳимлигини кўрсатмоқда.

“Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг БМТ Тараққиёт дастури ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги филиали томонидан амалга оширилаётган 2- ва 3-компонентлари ишининг асосий мақсади ҳам айнан мазкур соҳа ривожига ҳисса қўшишга қаратилган.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган ушбу дастурнинг иккинчи компоненти доирасидаги ишлар 2016-2020 йилга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади мамлакатимиз сув хўжалигида техник салоҳиятни янада мустаҳкамлашдир. Унга кўра, мазкур соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ҳавза ва ирригация бошқарув тизимининг техник базасини яхшилаш, олтита намунали пилот лойиҳаларни амалга ошириш орқали сув таъминотини яхшилаш, СИУга қарашли каналларни таъмирлаш, сув таъминоти оғир жойларда насос станцияларини қуриш кабилар шулар жумласидан.

Лойиҳа раҳбари Улуғбек Исломовнинг маълумот беришича, ўтган уч йил мобайнида республикамизнинг режа бўйича олтита вилоятида пилот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бунда кадрлар салоҳиятини оширишга эътибор берилган. 3 минг мутахассис ва раҳбар кадрлар ўқитилган. Ҳудудлар учун олтита доплер-профилограф ускунаси, кичик каналлардаги сув миқдорини ўлчайдиган қурилма, кўплаб гидромостлар қурилган ва мавжудлари таъмирлаб берилган. Шу билан бирга, насос станциялар барпо этилган.

Бу борада амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари Хоразм вилоятида бўлди. Медиа-тур доирасида улар Янгибозор тумани Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида сув хўжалиги мутахассислари учун ташкил этилган тренинг жараёни билан танишди. Шундан сўнг иштирокчилар Бўз қалъа сув истеъмолчилар уюшмаси биносининг реконструкцияси, “Дарёлик” каналидаги гидропостлар қурилиши, “Дарёлик-Арна” каналидаги насос станциялар ҳамда “Қумёб” каналида қурилган гидропостлар фаолияти билан яқиндан танишди. 

Бўз қалъа сув истеъмолчилар уюшмаси 2300 гектар майдондаги 15 пахта ва ғалла фермер хўжалиги, 8 боғдорчилик, 2 чорвачилик хўжаликлари ҳамда 3 маҳалла аҳолиси томорқаларини сув билан таъминлашга хизмат кўрсатади. Бу ерда дастур доирасида уюшма идораси тўлиқ қайта таъмирланиб, мебеллар билан жиҳозланган. Уюшма фаолиятини янада яхшилаш мақсадида техника восита ва велосипедлар билан таъминланган. Каналнинг тозаланиши натижасида эса 6-9 километр масофага сув бир меъёрда етказилиб берилмоқда.

– “Дарёлик” бош канали 1970 йилда ишга туширилган, – деди Янгибозор тумани Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мақсуд Собиров. – Айнан шу ерда сув тақсимланади ва бошқарилади. Биз авваллари сувни ўлчаш учун қайиқлар ёрдамида ускуналар билан сувни ўлчар эдик. Дастур доирасида бизга доплер-профилограф ускунаси тақдим этилди. Бу ускунанинг афзаллиги шундаки, у сунъий йўлдош орқали сувнинг сарфи, тезлиги, шўрланиши ва чуқурлигини компьютерга узатади. Бу эса фермер хўжаликларига сувни тўғри тақсимлаб беришимизга катта имконият яратди.

Тумандаги Қадрият маҳалласи фермер хўжаликларида ҳам сув таъминоти масаласи катта муаммолардан бири эди. 2018 йил мазкур ҳудудда барпо этилган иккита насос станцияси “Бўзёб“ канали орқали фермер хўжаликлари ва қишлоқ аҳолисининг сув танқислиги муаммосини бартараф этди. Масалан, айнан шу йил ушбу насос станцияси фаолияти туфайли 1000 гектар ердаги ҳосил сақлаб қолинишига эришилди.
“Шоира-Ҳафиза” фермер хўжалиги раҳбари Бобожон Ёдгоров ушбу маҳаллада яшаб, меҳнат қилади. Унинг айтишича, бундай имкониятлардан фермер хўжалиги юқори ҳосилдорликка эришган.

– 2013 йилдан буён пахта ва ғалла етиштириб келаман, – деди Б.Ёдгоров. – Сув танқислиги сабаб буғдойдан ҳар гектарига 16-17 центнердан, пахтадан 20-25 центнердан ҳосил олардик. Янги насос қурилиши сабаб бу йил буғдойдан ҳар гектарига 65 центнердан ҳосил олган бўлсак, пахтадан гектарига 50 центнердан ҳосил олишни ният қилиб қўйдик.

Дастур доирасида яна бир эзгу ишга қўл урилди. “Дарёлик-Арна” каналидаги мавжуд насос станцияларининг бошқарувини такомиллаштириш мақсадида янги энергия таъминоти тизими барпо этилмоқда. Бунинг натижасида йилига 1 миллион 123 минг кВт/с электр энергиясининг тежалиши ҳамда қарийб 5000 гектар майдонни сув билан таъминлаш мумкин бўлади.

photo5418203954208156462.jpg

photo5418203954208156464.jpg

photo5418203954208156466.jpg