Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарё ўзанини ўзбошимчалик билан ковлаб бўлмайди
13:21 / 2020-07-05

Ўзбекистонда қурилишлар кўлами тобора кенгаймоқда.


Ўзбекистонда қурилишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бунда, табиийки қурилиш материаллари, жумладан, қум ва шағалга бўлган эҳтиёж янада ортади.

Президентимизнинг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида «Хавфсиз дарё» давлат унитар корхонаси ташкил қилинган эди.

Корхонанинг асосий вазифаларидан бири дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал қазиб олиш ишларини олиб бориш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан иборат.

– Тегишли ташкилотлар иштирокида тузилган махсус ишчи гуруҳи вилоят ҳудудидан ўтувчи Амударё ўзанини ҳам жойига чиққан ҳолда тозалаш лозимлигини аниқлаб, Республика комиссиясига маълумот тақдим этиши лозим, – дейди Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Ражаббой Ҳайитов. – Бу дегани, бундан буён ўзбошимчалик билан дарё ўзанларини ковлаш, қум-шағалларни олиб кетишга йўл қўйилмайди. Ҳозирда тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанларининг рўйхати фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда геология ва минерал ресурслар давлат қўмиталари томонидан шакллантирилган.

photo_2020-07-05_14-22-26.jpg

Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотига кўра, дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида танлов йўли билан тадбиркорлар жалб қилингач, мавсумий тарзда, ер участкалари ажратилмаган ҳолда амалга оширилади. Хусусан, Урганч тумани «Чолиш» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Амударё ўзанини қумдан тозалаш ишларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тўғрисидаги аризага биноан ўтказилган экологик экспертиза натижасида ижобий хулоса олиниб, тадбиркорлик субъектларининг ушбу жараёнга жалб қилиниши электрон-онлайн аукционлар орқали ташкил этилди.

Дарё ўзанларини тозалаш лойиҳасидан кўзланган мақсад сув тошқини мавсумида юзага келиши мумкин бўлган сел оқимларини Амударё дарёсидан талафотсиз ўтказиш, дарё қирғоқларининг ювилишини ҳамда қирғоққа яқин жойлашган ҳудудларни, аҳоли пунктларини, ижтимоий ва бошқа объектларни сув босиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан сақлашдир.

– Дарё ўзанини тозалаш билан шуғулланувчи объектларнинг барчаси мавсум олдидан инвентаризациядан ўтказилди, – дейди Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Ражаббой Ҳайитов. – Табиатга, сув ости ва ўсимликлар дунёсига зиён етказмасдан қум қазиб олиш тозалаш жараёнларида энг асосий эътиборга олинадиган жиҳатдир. Бугунги кунда аукционда қатнашган ва давлат экологик экспертизасидан ўтган учта корхона билан шартнома имзоланди ва улар фаолиятига рухсат берилди. Бошқармамиз ходимлари Амударё ва бошқа сув объектлари атрофларида ва уларнинг муҳофаза зоналарида туну кун назорат ишларини олиб бормоқда.

photo_2020-07-05_14-22-27.jpg

Маълумотга кўра, Амударёнинг белгиланган қисмидан қазиб олинадиган қум-шағал захираси ҳажми 49 минг 864 метр кубни ташкил этади. Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 1 март санасигача якунланиши режалаштирилган.