Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарё бўйидаги қишлоқлар аҳолиси дардини ким эшитади?
17:06 / 2020-07-24

Эрта баҳор келиши билан Наврўз сайлларини дарё бўйида ўтказишарди.


Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманига қарашли Араб, Қоратикан, Юқори Қовчин, Паст Қовчин ва Кескан қишлоқлари «Қашқадарё» дарёси бўйида жойлашган. Бир пайтлар ушбу қишлоқлар аҳолиси дарё бўйидаги сўлим ва кўркам гўшада яшаётганидан, томорқаларида деҳқончилик қилиш учун оқова сувнинг мўллигидан фахрланар эди.

Эрта баҳор келиши билан Наврўз сайлларини дарё бўйида ўтказишарди. Дарё ўзани бўйлаб ўсган юлғунзорларда қўй-қўзиларни боқишарди. Ёзнинг жазирамаси бошланиши билан соҳилни қишлоқ болаларининг шод-хуррамликка тўла қийқириқлари эгаллар, улар дарёнинг саёз жойларида чўмиларди. Аммо бугунчи?

Бугун улар ўша дарё бўйида яшаётганидан ташвишга тушиб қолган. Тинчини йўқотган. Нега?

– Дарёнинг ўзанидан кўп миқдорда қум кавлаб олиниши натижасида дарёнинг муҳофаза зонаси емирилиб, аҳолининг томорқасигача, ҳатто уйигача етиб келди, – дейди қишлоқ оқсоқоли Хуррам Омонов. – 10-15 километр масофада дарёнинг қирғоғини олиб келяпти кавлаб. Хонадонларга сув кириб боряпти. Одамларнинг деҳқончилиги қурияпти. Боиси сув сатҳи пасайиб кетди. Ер остидан томорқалар учун сув ололмай қолдик. Энг ёмони карьерлардаги оғир техникалар кечаю кундуз ишлайди. Уларнинг шовқинига одамлар кечаси ухлай олмайди. Ҳамма дод дейди, лекин ҳеч ким қулоқ солмайди. Умуман тингламайди бизни. Бу туришда эртага сел келса, қишлоқнинг қолган уйларини ҳам ўпириб кетади. Юк машиналарини қатнашидан кўтарилаётган чанг тўзонни гапирмаса ҳам бўлади. Ҳеч бўлмаса ишингни кечаси тўхтат, десак ҳам тўхтатмайди. Яқинда бу ерда ўлим ҳам бўлди. Бир ёшгина йигит қазилган жойга чўкиб кетди. Чора кўрилмас экан талофат бунданда аянчли бўлмаслигига ким кафолат беради.

Дарё ўзани бўйлаб юрар эканмиз, ҳақиқатда аҳволнинг ачинарли эканига гувоҳ бўлдик. Эксковаторлар тинимсиз ишламоқда. Навбатда турган юк автомобилларининг сон-саноғи йўқ. Шу ердан магистраль газ қувури ҳам дарёни кесиб ўтқазилган. Ўзбошимчалик билан қумнинг ортиқча олиниши оқибатида қувурни суяб турган устунлар ҳам очилиб қолган.

–Аҳволни кўриб турибсиз ҳамма ёқ расво бўлди, – дейди шу қишлоқлик 68 ёшли Норсулув Чориева. – Мана шу ерда менинг фарзандларим яшайди. Келинларим дарёдан кўтарилаётган чанг тўзоннинг дастидан кир ювиб, торга ёя олмайди. Бир пасда чангга ботади. Уй деворлари ёрилиб, нураб кетяпти. Набираларимни дарёга чўмилмасин дея ҳар куни қўриқлаб юришга мажбурман. Кечаси билан тақа туқ. Хуллас тинчлик йўқ. Майли қумни олсин, лекин аҳоли яшайдиган жойдан бу тарзда олиши тўғрими? Халқимиз жуда қийналиб кетди. Ёмон аҳволда қолдик.

Кекса отахонларимиз дуога қўл очганда сув балосидан, ўт балосидан сақласин дейди. Бу бежиз эмас албатта. Дарёнинг қирғоқ минтақасидан кўп миқдорда қумнинг бу тарзда хўжасизларча олиниши, бир кун келиб албатта салбий оқибатларга олиб келиши тайин.

– 2012 йилда катта сув келдида, дарё ўзанини ўзгартириб, 15 кун ичида молхона, сомонхона ва уйимизнинг бир қисмини ювиб кетди, – дейди Эркин Ҳалилов. – Ўшанда дарё уйимдан 150 метр нарёқда эди. Лекин ўзандан қумлар олинавергани сабаб дарёнинг муҳофаза зонаси ҳам чуқурлашиб қолган. Натижада сув кўтарилган пайтда томорқамизгача келиб қолди. Буниси етмагандек шу кеча кундузда яна эксковатор кавлаяпти. Бойдан бой чиқяптида қўлингдан нима иш келади, деб кавлаяпти. Сув ювиб кетган уйнинг битта хонаси қолган. Ўшанда яшайман ҳозир. Качалкани суви тушиб кетган шундоқ ҳам. Яна бир сув кўтарилса нима бўлади, аҳолига етказилган зарарни бадалини ким тўлайди. Ундан кейин бу ерда яшашни ҳам кераги бўлмай қолади билсангиз.

«Қашқадарё» дарёси бўйида жойлашган ушбу қишлоқлар аҳолиси кеча ёки бугун бу ерда яшаётгани йўқ. Улар неча асрлардан буён шу ерда истиқомат қилади. Лекин шунча йиллар давомида бирор гап сўз чиқмаган. Боиси улар она табиат белгилаб берган мувозанатдан чиқмаган. Дарё билан ҳисоблашиб яшашган. Бугун ушбу мувозанатни нега ўзгартиришга уриняпмиз. Шунчалик ақлимиз тараққий этиб кетган экан, бузилиб кетаётган дарёнинг муҳофаза қилиш зонасини тиклашни ҳам ўйлаб топайлик. Тўғри, бугун қурилиш материалларига, айниқса қум маҳсулотларига бўлган талаб ҳар қачонгидан кўра ошган, лекин ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бўлиши лозим. Нима учун қонунларни ўзига мослаб олиб, «лецензионний» карьер очиб мўмай даромадни олаётганлар дарё ўзанини сақлаб қолиш учун маблағ тикмайди. Ёки соҳага алоқадор бирор депутат ёки мутасадди дарё ўзанларидаги юлғунзорларни кўпайтириш ҳақида қайғурмайди.

– Ҳозир биз турган жой Омон ота қабристони. Бу ернинг тарихи жуда қадимий. Минг йиллардан ошган. Бу ер учта қишлоққа хизмат қилади, – дейди 68 ёшли Жомурод Неъматов. – Лекин кейинги вақтда дарёнинг қумлари олиниши натижасида жарлик ҳосил бўлиб, қабристонга жуда яқин келиб қолди. Қолган бўлса икки метрча жой қолди. Қабристоннинг дарёга яқин қолган қисми тепалик бўлиб унинг устида қанчадан-қанча қабрлар бор. Ҳатто бир чети нураб ҳам кетди. Эски қабрлар очилиб қолди. Шу ҳолатда олинаверса, олиниб-олиниб майитлар сувга тушиб кетади. Бу ерда қанча аждодларнинг хоклари ётибди. Бобокалонлар ётибди. Уларни безовта қилиш яхши эмасда. Шунинг учун халқ жуда ҳам норози бўляпти бу ишлардан. Аҳоли кўчиб кетишга мажбур бўлиб қоляпти. Жуда катта зарар келяпти. Бир йил аввал мана шу қабристондан дарё суви 25-30 метр узоқликда эди. Бир йилни ичида шунча жойи ўпирилиб кетди. Икки метр масофа қолди.

Энг ёмони карьерларга қум олиш мақсадида келаётган юк автомобиллари ўзи билан бирга ҳар хил чиқиндиларни ҳам ортиб келиб, айнан шу ерга ағдариб кетар экан. Кучли шамол кўтарилган пайтда эса улар ҳам ҳавода учиб аҳоли хонадонларига боради.

Хўш, дарё бўйлаб юз бераётган ушбу ҳолатни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси масъуллари қандай изоҳлайди?

– Дарё ўзанларида ноқонуний қум қазиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб рейд тадбирларини ўтказиб келаяпмиз, - дейди Ғузор туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси бошлиғи Шуҳрат Аманов. – Шартномасиз ишлаб келаётган фуқароларга нисбатан тегишли тартибда чора-тадбирлар кўриб, эксковаторларини жойидан чиқариб юборганмиз. Ҳозирги кунда Ғузор тумани Араб қишлоғи ҳудудида жойлашган Қашқадарё ўзанида битта «Яккабоғ қизил дарё» хусусий корхонасига тегишли бўлган 3 та эксковатор ишлаяпти. Тегишли қарорга кўра, улар ўзлари учун ажратилган 900 метр масофада белгиланган жойда тартиб бўйича ишлаб келмоқда. Бундан дарё чуқурлашмайди. Ҳаммаси назоратга олинган.

Мутасаддини таъкидлашича, ишлаётган эксковаторлар қонуний тартибда ишлаяпти. Уларга тегишли рухсатнома ҳам тақдим этилган. Демак дарёнинг муҳофаза зонасининг нураб кетиши, қумларнинг кўчишдан сақлаб қоладиган юлғунзорларнинг йўқолиб кетиши, у ердаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг қирилиб кетиши, аҳолининг азият чекиши ва ҳоказо буларнинг барча-барчасини табиий ҳол деб қабул қиламиз. Ҳеч қандай ташвишга ўрин йўқ. Аслида шундай бўлиши керак, дея қабул қиламиз. Қойил.

Кундан кун шунга одатланиб боряпмиз. Бир ишни оқибатини ўйлаб қилмаймиз. Айниқса табиат билан сира ҳисоблашишни истамаймиз. Дарёнинг қирғоқ минтақасидан қумни олаверамиз-олаверамиз. Лекин уни ўрнини тўлдириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Масалан, нега вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қишлоқ ёқасида дарё бўйлаб ҳосил бўлган ва тобора кенгайиб бораётган жарликни аҳоли шунча мурожаат қилишига қарамай бориб кўрмайди? Айнан сел келиб қишлоқни вайрон қилиб кетишини, 4-5 та хонадон уйларини ювиб кетишини кутиш шартми? Нега прокуратура органлари ноқонуний карьерчиларга нисбатан таъсирчан чораларни кўрмайди? Она табиатни асраб қолиш ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали соатлаб маъруза қилаётган депутатлар нега бу муаммони кўтариб чиқмайди? Аянчли оқибатлар юзага келишдан олдин унинг олдини олишни қачон ўрганамиз? Ҳар ҳолда ҳали ҳам кечмас. Мутасаддилардан ушбу масалага жиддийроқ қарашини кутиб қоламиз.

Мавзуга ҳали қайтамиз.

photo_2020-07-24_17-28-13.jpg

photo_2020-07-24_17-28-11.jpg