Мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фанга бўлган муносабат мутлақо ўзгарди. Таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, илмий ва инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга кенг йўл очилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.
Дарс жараёнида инновацион усуллардан фойдаланиш ўқувчилар фаоллигини оширади, уларни мустақил изланишга, муаммони аниқлаш ва унга мустақил ечим топишга ундайди. Каттақўрғон жамоат саломатлиги техникумида терапия фанидан дарс берар эканман, машғулотларда “Ролли ўйинлар”, “Лойиҳа”, “Дебат” каби бир қатор усуллардан кенг фойдаланаман.

Педагогик нуқтаи назардан эса, замонавий таълим тизимида амалга оширилаётган инновацион жараёнлар, аввало, инсон фаолиятининг барча соҳаларида рақамли технологияларидан фаол фойдаланиш билан боғлиқ ва биринчи навбатда таълимнинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилгандир. Шу муносабат билан талабаларнинг касбий инновацион фаолияти тубдан бошқача маъно касб этади. Инновацион фаолиятнинг моҳияти ва мазмуни шундан иборатки, талабалар учун таълим соҳасидаги ҳар қандай янгилик ўқитувчи томонидан амалга оширилгандагини юзага чиқади. Яъни, таълим жараёнида талабаларни объектдан субъектга айлантириш, биринчи навбатда, ўқитувчининг касбий компетентлигига боғлиқдир.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиз замонавий юксалишга эришиш мақсадида инновацион ривожланиш босқичига кирганлиги эътироф этилган. “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни айнан инновацион ғоялар асосида бошлашимиз керак. Инновацион ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт йўлига ўтишимиз бежиз эмас. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.”
Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида” ги қонунининг қабул қилиниши (2020 йил 24 июль) Янги Ўзбекистонни қуришда муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун тараққиётимизни кафолатловчи, уни янада жадаллаштирувчи янги ғоя, янги кашфиётлар, илмий ишланмаларни яратиш ҳамда ҳаётга жорий этилишининг ишончли ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлади. Таълимнинг бугунги вазифаси ўқувчиларни кун сайин такомиллашиб бораётган ахборот-таълим муҳити шароитида мустақил равишда фаолият кўрсата олишга, ахборот оқимидан оқилона фойдаланишга ўргатишдан иборатдир. “Бунинг учун, уларга узлуксиз равишда мустақил ишлаш имконияти ва шароитини яратиб бериш зарур. Ўзбекистон Республикаси демократик, ҳуқуқий ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлидан бораётган бир пайтда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ва ҳаракатга келтирувчи кучи ҳар томонлама ривожланган баркамол инсонни тарбиялашдан иборатдир.

Мамлакатимиз ривожланишининг муҳим шарти замонавий иқтисодиёт, фан, маданият, техника, технология ривожи асосида кадрлар тайёрлашнинг такомиллашган тизимининг амал қилинишига эришишдир. Республикада “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ни амалга ошириш узлуксиз таълим тизимининг тузилмаси ва мазмунини замонавий фан ютуқлари ва ижтимоий тажрибага таянган ҳолда туб ислоҳотларни амалга оширишни кўзда тутади. Бунинг учун, аввало, таълим тизимининг барча шакллардаги муассасаларида таълим жараёнини илғор, илмий-услубий жиҳатдан асосланган янги ва замонавий услубиёт билан таъминлаш лозим. Ёш авлодга таълим-тарбия беришнинг мақсади, вазифалари, мазмуни, услубий талабларига кўра фан, техника ва илғор технология ютуқларидан унумли фойдаланиш бугунги таълим тизими олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Таълим муассасаси ўсиб келаётган шахсни ўқитиш жараёнида уларга таълим олиш шароитларини яратади. Ўқувчиларнинг билимга бўлган эҳтиёжлари ва қобилиятларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг йуналтирилган бўлиши ўқитувчи масъулиятини янада оширади. Таълимнинг самарадорлигини ошириш учун ўз соҳасига оид билимларни мустаҳкам эгаллаган, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол услубларни биладиган, улардан ўқув ва тарбиявий машғулотларни ташкил этишда фойдаланиш қоидаларини ўзлаштирган ўқитувчилар керак. Бунинг учун барча фан ўқитувчиларини педагогик ва ахборот технологиялар, интерфаол услублар билан қуроллантириш зарур. Ўқитувчи олган билимларини тарбиявий машғулотларда қўллаш малакасини узлуксиз ошириб бориши лозим.
Ўқитувчилар ўзлари ўқитаётган ўқувчиларнинг руҳиятига мос равишда мулоқотда бўла олиш, замонавий педагогик технологияларни эгаллаш ва ўқув-тарбия жараёнида қўллай олиши керак. Улар замонавий педагогик технологияларнинг ўқув-тарбия жараёнидаги ўрни, улардан фойдаланиш, шунингдек, усул, метод ва технология тушунчаларини фарқлай олиши, “Ақлий ҳужум”, “Тармоқлар” (Кластер) “Ассесмент” методлари, “Бумеранг”, “Чархпалак”, “Резюме”, “Кейс-стади” каби технологиялар ҳақидаги билимларга эга бўлишлари ва улардан ўқув-тарбия жараёнида фойдалана олишлари лозим.
“Семизлик касаллиги” мавзусини ўқитишда мен “Суд дарси” инновацион усулидан фойдаландим. Бу усул дарсни қизиқарли ўтишга, ўқувчилар орасида қизғин мунозара ўтказишга ёрдам беради, бундан ташқари, ўқувчилар ўз роллари устида мустақил ишлайди, костюмлар ва реквизитларни биргаликда тайёрлайди. Буларнинг ҳаммаси материални яхши эслаб қолишга ёрдам беради. Ушбу усулдан тўгараклар фаолиятида ҳам кенг фойдаланса бўлади. Машғулотни ўтказишда ахборот коммуникацион технологиялардан ҳам унумли фойдаланилади. Телевизор экранидан видеоматериаллар ва слайдлар кўрсатиб борилади. Машғулотга тайёргарлик кўриш жараёнида “Атеросклероз” мавзусида видеоматериал, “Қандли диабет”, “8 -парҳез столи”, “Сил касаллиги”, “Ўзбекистоннинг миллий туристик салоҳияти” мавзуларида слайдлар тўпламлари тайёрланди.
Салоҳий Назокат Икромиддин қизи,
Каттақўрғон жамоат саломатлиги техникуми услубчиси.