Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарсда ухлаб ўтирган ўқувчи орзуларини тушидагина кўради, холос...
18:52 / 2022-01-25

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 7 январь куни Юнусобод туманида янги қурилган Темурбеклар мактаби фаолияти билан танишди.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланмиш мазкур мактабга ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашиб, жумладан, шундай деди:

“Мана шундай илғор мактабда ўқиётганингиз билан сизларни, ота-оналарингизни табриклайман. Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан. Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак. Мана, бу мактабда психология фанини ҳам киритдик, униям яхши ўрганинг. Сизларда ҳамма имконият бор".

Давлат раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги қарорида ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим белгиланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида Темурбеклар мактаби ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамкорлигида Миробод туманида жойлашган Тошкент Темурбеклар мактаби ҳарбий академик лицейига уюштирган пресс-тур давомида журналист ва блогерлар мактабда яратилган шароитлар билан танишишди.

— Темурбеклар мактабига ҳар йили 9 синфни битирган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга 100 нафар ўғил болалар қабул қилинади, — дейди лицей директори Рустам Қосимов. — Йигитлар бу ерда икки йил таълим олишади. Барчаси ётоқхона билан таъминланган. Кунига тўрт маҳал овқат берилади.

Лицейнинг ўқув биноси, ошхона, ётоқхона, машғулотлар залида яратилган шароитлар билан танишгач, ўқув хоналаридаги дарс жараёнларини кузатдик.

Хўш, бу ерда таҳсил олаётган йигитларнинг дарсларни ўзлаштиришлари, қизиқишлари қандай?

Зомин туманидан келган Муҳаммадқодир Анорбоевга Ўзбекистон тарихига қизиқиши баландлигини, шу боис тарихий шахслар ҳаёти билан боғлиқ бадиий асарларни кўпроқ ўқишини билдирди.

— Менга кўпроқ ўзимизни ватанимиз тарихи жудаям қизиқ туюлади, — дейди Муҳаммадқодир Анорбоев. — Айниқса, Амир Темур бобомиз билан Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий юришлари, давлат тузишдаги билимлари, бошқарув тартиби, жанг санъати, қолаверса қўшин тузишдаги услублари жудаям ёқади. Амир Темур «Битта мукаммал ишланган режа 100 минг аскардан яхшироқ», деган услубга амал қилиб, оз сонли қўшини билан кўплаб давлатларни қийинчиликсиз эгаллаб олган. Ҳиндистонга қилган юришида филларга қарши ўзига хос усулларни қўллаган.

Ҳарбий бўлишни истаган йигитни ўзига хос услуби (тактикаси) бўлиши керак. Менинг тактикам ҳарбий техника қуролларидан самарали фойдаланиш, уларни ўз ўрнида қўллай олиш ва сергаклик ҳар доим ватан ҳимоячиси сифатида шай туришдан иборат.

Темурбеклар мактаби ўқувчиси Зуҳриддин Халиловни устозлари кўпроқ геометрия фанини яхши кўришини айтишди.

"Геометрия фанига нима учун қизиқасиз", дея берган саволимизга Зуҳриддин шундай деб жавоб берди:

— Кўпроқ бу фаннинг фазовий бурчакларига қизиқаман. Фазовий бурчаклар хаёлий тасаввурни ривожлантиришда катта ёрдам беради. Ҳар бир инсон ўзининг тасаввурига эга бўлиши керак. Тасаввур бизга ўта мураккаб муаммоларни осонгина ечишда керак бўлади.

Айниқса, бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар учун машғулотлар залида электрон ўқ отиш жудаям завқли эканига гувоҳ бўлдик.

Ўқувчилар дастлаб калашников автоматларини сочиб-йиғиш амалиётини ўрганишади. Аста-секинлик билан ўқ отиш тайёргарлигига ўтишади. Оғирлиги салкам олти килограммни ташкил этадиган автоматларни худди қошиқни ушлагандек, эпчиллик билан бошқараётган йигитларни кузатиб, ўз вазифасини пухта ўрганаётганларига гувоҳ бўлдик.

Бу ерда таълим бераётган ўқитувчилар ўқувчиларга «Агарда сиз бугун дарс жараёнида ухласангиз, мақсадларингиз, орзуларингизни тушингизда кўрасиз. Агарда сиз ҳозир сергак бўлиб, доимо ҳаракатда бўлсангиз, орзуларингизни ҳаётда кўрасиз», деган жумлаларни доимо эслатиб туришдан чарчамайди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА