Бугунги кунда ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Албатта, аҳоли бандлигини таъминлашда янгидан-янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, оилавий тадбиркорлар сафини кенгайтириш, ўзини-ўзи банд қилиш орқали мунтазам равишда даромадга эга бўлиш муҳим саналади.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ҳудудларда бўлиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда.
Навбаҳор туманидаги Бешработ маҳалласида истиқомат қилувчи Достон Хожамов “Шоҳ Билолбек” оилавий корхонасини ташкил этиб, сартарошлик билан шуғулланиб келмоқда.

– Банкдан 200 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, енгил конструкцияли иншоот қурганман, – дейди тадбиркор. – Ушбу иншоотда сартарошликни йўлга қўйиб, 6 нафар маҳалламиз ёшларини иш билан таъминладим. Шунингдек, сартарошлик йўналишида шогирдлар тайёрлаб, ёшларга ҳунар ўргатмоқдаман.

“Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бибиқиз Ҳусанова эса томорқасида иссиқхона ташкил этган. Ҳозирда “Сайхунобод тажрибаси” асосида 4 сотих майдонда барпо этилган иссиқхонада атиргул кўчатлари етиштирилмоқда. Б.Ҳусанова атиргул етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олган эди. Ҳозирда мазкур иссиқхонада 3 та иш ўрни яратилган.

– Йиллар ўтсада гулларга бўлган талаб камаймаган, – дейди Б.Ҳусанова. – Айниқса, атиргуллар доимо харидоргир бўлиб келган. Шу мақсадда атиргул савдосини кенгайтирган ҳолда янги иш ўринлари яратиб, маҳсулот ҳажмини кўпайтиришни режалаштирганман.
Туманда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромадини тобора ошириб бораётган оилалардан бири Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи Азиз Ғофуров оиласидир. Бугунги кунда қулупнай етиштиришни мақсад қилган оила вакиллари томорқасидаги иссиқхонага 2 мингта ниҳол экишган.

– Ҳар бир ниҳолдан ўртача 1 килограммдан ҳосил олишни режалаштирганман, – дейди А.Ғофуров. – Бу 2 тонна маҳсулот дегани. Бир килограмм қулупнайни ўртача 15 минг сўмдан сотганимизда ҳам бир мавсумда ўртача 300 миллион сўм даромад оламиз.
Маҳалладаги яна бир хонадон соҳиби Азиз Тўрақулов эса бедана ва курка етиштириш билан шуғулланади. У 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига ушбу лойиҳани йўлга қўйган. Бугунги кунда 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Вилоят раҳбари тадбиркорлар билан учрашувларда уларнинг муаммо ва таклифларини тинглаб, лойиҳаларни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, даромадларини ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири