Мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш, соҳага малакали кадрларни жалб қилиш, олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, келажагимиз бугунги таълим сифати ва самарасига боғлиқ экан, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш долзарб аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатаётир. Яқинда Буюк Британиянинг энг нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларидан бири QS (Quacquarelli Symonds) томонидан ташкил қилинган QS Stars рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиб Тошкент давлат юридик университети ушбу рўйхатга киритилди ва ТОП-300 рўйхатда 4 юлдузли университет сифатида баҳоланди.
— Университетимизда таълим, илм-фан, маданий ишлар соҳасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, — дейди Тошкент давлат юридик университети Стратегик ривожланиш ва халқаро рейтингларга кириш бўлими бошлиғи Гўзал Бобоева. — Барча йўналишдаги амалий ишларимиз бугун ўз самарасини кўрсатмоқда. QS Stars рейтингида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиб бизнинг университет ушбу рўйхатга киритилгани ҳамда 4 юлдузли университет сифатида баҳолангани бутун жамоамизни қувонтирди. Турли йўналишларда юқори натижаларга эришган Тошкент давлат юридик университетининг биринчи уринишдаёқ 4 юлдузли университет сифатида баҳоланиши QS Stars экспертлари томонидан ҳам катта муваффақият, дея таърифланди.
Шу ўринда таъкидлашим жоизки, QS Stars халқаро рейтинг системаси 2009 йилдан буён университетларни 13 та йўналиш бўйича баҳолайдиган, кўпқиррали методология асосида тузилган рейтинг ҳисобланади. Мазкур рейтинг университетларни ўқитиш, тадқиқот, битирувчиларни иш билан таъминланганлик даражаси, халқаро фаолият, академик ривожланиш, университетдаги қулайликлар, онлайн таълим, соҳавий рейтинг, ўқув дастурлари кучи, инновация, санъат ва маданият, ижтимоий масъулият ва инклюзивлик асосида баҳолайди.
Жорий йилда ушбу рейтингдан Марказий Осиёдан 1 университет 5 юлдузли, 2 та университет 4 юлдузли сифатида баҳоланди. Улар орасида Тошкент давлат юридик университетининг ҳам мавжудлиги бизга ҳам қувонч, ҳам масъулият юклайди. Келгусида барча йўналишдаги ишларимизни янада такомиллаштириб, янгидан-янги марраларни забт этишга ҳаракат қиламиз, — дейди Гўзал Бобоева.
Дарҳақиқат, юртимиз олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги ўрни юксалиб бориши улардаги таълим жараёни ва сифати ошиб бораётганидан далолат беради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА