Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дардманду муҳтожларга кўмак берилмоқда
18:13 / 2026-02-26

Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи

Жиззах вилоятида эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, бемори бор оилаларга кўмак бериш эзгу анъанага айланмоқда. Бу хайрли ишлар давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган қарори билан янада тизимли тус олди.

Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарор ҳудудларда меҳр-мурувват ва саховат тадбирларига дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятда 216 нафар беморни бепул даволаш режалаштирилгани инсон қадрини улуғлаш йўлидаги амалий қадамдир.

Айни пайтда касалликдан азият чекаётган юртдошлар босқичма-босқич шифо масканларига жойлаштирилмоқда. Даволаниш ва зарур жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатлар Вақф хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланаяпти. Бу эса саховатнинг юксак намунаси сифатида минглаб оилалар қалбига умид учқунини ёқмоқда.

Жараёнда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари беморлар хонадонларига бориб, бепул даволаниш учун ваучерларни шахсан топширмоқда. Шундан сўнг, улар тез тиббий ёрдам автомашиналари орқали шифохоналарга олиб келиниб, мутахассислар назорати остида  жойлаштирилмоқда.

Пахтакор туманида истиқомат қилувчи 18 ёшли Маржона Қўшмуротова туғма юрак нуқсони туфайли йиллар давомида нафас сиқиши ва юрак етишмовчилигидан азият чекар эди. Оилавий шароит туфайли даволаниш имкони чекланган бу қиз учун ваучер топширилган он — бутун оила ҳаётида янги саҳифа очилган кун бўлди. Шу куниёқ у Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Жиззах филиалига ётқизилди.

Замонавий тиббий ускуналар ва малакали мутахассислар томонидан мукаммалаштирилган кўриклар ўтказилди. Шифокорлар томонидан Маржонанинг тўлиқ соғайиши учун барча зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бугунга қадар вилоятда 68 нафар юртдошимизга бепул даволаниш учун ваучерлар топширилгани ана шу хайрли ишларнинг амалий натижасидир.

Мазкур ташаббус нафақат саломатликни тиклаш, балки инсон қалбида ишонч ва миннатдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Чунки бу ой — нафақат рўза тутиш, балки муҳтожга суянч бўлиш, дардмандга малҳам бўлиш, эзгуликни ҳаёт тарзига айлантириш фаслидир.

Аҳоли саломатлиги йўлида амалга оширилаётган бу хайрли ишлар юртимизда инсон қадри улуғ, саховат эса юксак қадрият эканини яна бир бор намоён этмоқда. Зеро, шифо топган ҳар бир инсон — бу жамиятнинг барқарор келажаги, эзгуликка ишончи мустаҳкам авлод демакдир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири