“Дарбанд”да ҳайдовчи гашиш билан қўлга тушди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги "Дарбанд" йўл-патрул хизмати масканида соат 05.00 да йўл-патрул хизмати ходимлари "Денов-Тошкент" йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган "Cobalt" русумли автомобилни тўхтатади. 1997 йил туғилган ҳайдовчи Ф.Х. бошқарувидаги автомашина холис ва гувоҳлар иштирокида текширилганда, унинг салонида елим пакетга ўралган ўткир ҳидли модда борлиги аниқланади. У текширувдан ўтказилганида соф оғирлиги 92,58 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси экани маълум бўлади. Заҳри қотил тегишли тартибда расмийлаштирилиб, фуқаро ва аниқланган восита Бойсун тумани ички ишлар бўлимига топширилган.
Вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири