Мамлакатимизда пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, четдан олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш қатьиян ман этилган. Бироқ, айрим нафси ҳакалак отган “ишбилармонлар” янги йил арафасида фарзандларимиз соғлигига хавф соладиган бу турдаги буюмларнинг ғайриқонуний айланмаси билан шуғулланишга ҳаракат қилади.
Сурхондарё вилоятидаги “Дарбанд” йўл-патрул хизмати масканида ҳам божхоначилар йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг воҳа ҳудудига ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.
Вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими тегишли маълумот асосида вилоят ДХХ ва вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида яшовчи Ж.А. бошқарувида бўлган “ISUZU” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида тўхтатилди. Автотранспорт воситаси хизмат ити ёрдамида кўздан кечирилганда унинг юкхонаси ичида 122 миллион 175 минг сўмлик 814 блокда 407 минг 250 дона “Британик” номли, 72 миллион сўмлик 480 блокда 240 минг дона “Трения” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, автотранспорт воситасида ғайриқонуний олиб келинаётган 194 миллион 175 минг сўмлик 647 минг 250 дона пиротехника воситаси ашёвий далил сифатида олиниб, ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири