Сўнги йилларда мамлакатимизда яшил боғлар майдонини кенгайтириш, яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди. Албатта, ҳар бир ниҳолни она замин бағрига қадар экансиз унга парвариш ва эътибор зарур.
Маълумотларга кўра, пойтахтимизда 35 минг гектардан ортиқ майдон мавжуд бўлса, шундан 7 минг гектаринигина яшил майдонлар ташкил этар экан. Рақамлардан шуни билиш мумкинки, олиб борилаётган амалий ишлар ёрдамида атроф-муҳитни янада кўкаламзорлаштириш ҳамда мавжуд яшилликни сақлаб қолиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Айни жараёнларда эса ўсимликлар карантини ва ҳимоясининг аҳамияти юқори. Ҳеч кимга сир эмас, яшил майдонлар шаҳарда қулай экологик муҳитни шакллантиришда асосий омиллардан бири. Қолаверса, дарахтлар ҳаёт учун жуда зарур. Улар карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб беради, иссиқ кунда салқинликни ҳадя этади, баъзи дарахтларнинг саломатлик учун фойдали бўлган ширин мевалари истеъмол қилинади.
Мутахассисларнинг фикрича, бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Яна бир жиҳат, организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Бироқ инсон ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши яъни, унинг ифлосланиши нафақат инсонга, балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, инсон учун фойдали бўлган ушбу дарахтларнинг фитосанитар хавфсизлиги, турли хил зараркунандалар ва касалликлардан холис бўлиши, табиий биофоннинг сақлаб қолинишида карантин инспекторларининг назорати муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, яшил ҳудуд иқтисодий ўсишга туртки бўладиган омиллардандир. Экологиянинг яхшиланиши, шаҳарда турли қулайликлар вужудга келиши, аҳолининг дам олиши ва ижобий кайфиятда бўлиши одамларнинг фаоллигига, минтақанинг инвестициялар учун мафтункорлигига, қолаверса, туризм ривожланишига сабаб бўлади.
Мамлакатимизда ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
– Маълумки, игнабаргли дарахт ва буталар республикамизнинг яшил майдонларида катта ҳудудларни эгаллайди, – дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Жамшид Турсунов. – Ушбу ўсимликлар ҳавони нафақат кислород билан бойитиш, балки дезинфекция қилиш хусусиятига ҳам эга. Маълумотларга қараганда ер юзида игнабаргли ўсимликларнинг 400 га яқин нави бор. Ўзбекистонда эса арча туркумига мансуб турлари ўсади. Ушбу ўсимликларнинг асосий кушандаси арча унсимон қурти ҳисобланиб, ҳашарот арчанинг новда ва баргларига ўрнашиб катта зарар етказади. Республикамиз ҳудудида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, зарарли организмларни тоза ҳудудларга тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши курашиш чораларини кучайтириш ва назорат ўрнатиш мақсадида пойтахтимизнинг барча шаҳар ва туманларида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, зараркунанда аниқланган майдонларда зарарсизлантириш ишлари амалга оширилиб, лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар маҳаллаларда ҳам давом эттирилиб, аҳоли яшаш жойларидаги мевали дарахтлар ҳам кўрикдан ўтказиляпти. Унда аниқланган зарарли организмларга қарши кураш чоралари қўлланилиб, зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Табиий ва тоза маҳсулотларга талаб ҳар доим юқори бўлган. Бу инсон соғлиғи учун муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қаерда ва қандай ҳолатда етиштирилгани, уларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратади.
Демак, яшил оламни самарали ҳимоя қилиш, сифатли ҳамда юқори ҳосил олиш долзарб вазифадир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА