English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарахтлар кўчириладиган бўлди
12:02 / 2024-10-10

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022 - 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 4К–253 а йўл ўтказгич  Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов шоҳ кўчасидан М–39 “Тошкент – Термиз” халқаро аҳамиятга эга автомобил йўлига уланувчи янги йўналишнинг 700 погонаметр узунликдаги йўл ўтказгичининг лойиҳа ҳужжатлари “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинган. Айни пайтда Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массиви билан Жиззах шаҳрини боғловчи ушбу йўл ўтказгичда қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда бормоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 143 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этиб, объектнинг жорий йилдаги амалга оширилиши режалаштирилган ишлар учун молиялаштирилган 41 миллиард сўм маблағ тўлиқ ўтказиб берилган.  

Ушбу М–39 халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлига уланувчи янги йўналишдаги 4 километрлик йўлининг қурилишида иш 3 сменада ташкил этилган бўлиб, ушбу объектдаги қурилиш-монтаж ва асфальт ётқазиш ишлари келгуси йилнинг 4-чорагида якунига етказилиши режалаштирилган.  

Йўл ўтказгич ва Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтадиган автомобиль йўлининг қурилиши остида қолиб кетиш хавфи бўлган дарахтларни сақлаб қолиш, уларни қонун талаблари доирасида бошқа жойга кўчириб ўтказиш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг ижтимоий ва экологик аҳамиятини кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида  ташкил этилган “Жамоатчилик эшитуви”да Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов туманлари ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходимлари, Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек ҳамда Шароф Рашидов туманининг “Катта қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

“Жамоатчилик эшитуви”да қурилиш объекти остига тушган Жиззах шаҳар ҳудудида ўсиб турган 11 туп ноёб ҳамда Шароф Рашидов тумани ҳудудида ўсиб турган 256 туп тут ва бошқа ноёб саналган дарахтни бошқа жойга кўчириб ўтказиш лозимлиги таклиф қилинди. Кенг жамоатчилик вакилларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари атрофлича ўрганиб чиқилди.  

Тадбир давомида мазкур қурилиш объекти аҳоли учун бир қатор қулайлик ва қўшимча имкониятлар яратиши, жумладан,  “Янги Ўзбекистон” массивига бориладиган йўл салкам 15 километрга яқинлашиши, йўлларда юзага келадиган автотранспорт воситалари тирбандлиги ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, қолаверса, автотранспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газларнинг камайишига эришиш лозимлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),  

ЎзА мухбирлари