Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарахтлар “бағри”даги сир-синоат
14:03 / 2023-12-10

Биз билган, билмаган табиат

“Дарахт”сўзи бизга форс тилидан ўтган. У тана қўйиб, шох ва новдалар чиқариб, томир отиб ўсадиган кўп йиллик ўсимликни англатади. Дарахтлар – экологик жиҳатдан энг фойдали ҳисобланади. Улар одамга эстетик завқ, гўзаллик бахш этиш баробарида, атмосферадаги карбонат ангдридни ютиб, кислород чиқаради.

Доно халқимизнинг фарзанд тарбиясини дарахт ўстиришга қиёслаши ҳам бежиз эмас. Ёш ниҳолни қайси томонга қаратиб ўстирсангиз, шу томонга қараб бўй чўзади. Биз, фарзандларимизни қайси йўлга бошласак, улар ўшани давом эттиради. Инсонлар ўз шажарасини дарахтга қиёслаши замирида ҳам ўзига хос ғоя мужассам. Оила ва ундаги аъзоларнинг дарахт ва унинг шохларига қиёсланиши ҳам бобо-бувиларимиз оқилона тафаккури маҳсули ҳисобланади. Ҳатто, туркий халқлар ёки уруғларни ифодалашда ҳам дарахт ва унинг шохлари асосида чизиб, кўрсатиш усулидан фойдаланилади.

Юртимиздан чиққан буюк мутафаккирларимизнинг мероси кенг дунёни эгаллаганини оммага англатишда: “Халқимизнинг илдизи чуқур ергача етиб борган”, – деб таъкидлаймиз. Бундан ота-боболаримизнинг илм ва маърифат билан дунёни забт этганликларини англаймиз. 

Доно халқимиз орзу-умидлари, турли ўй-фикрларини дарахтга боғлаб, шундай мақоллар яратишганки, уларнинг инсон тарбиясида ўрни беқиёс. 

Масалан, “Дарахт бир жойда кўкаради”, мақоли замирида инсон бир ишнинг бошини ушласа, албатта, барака топади, – деган ғоя сингдирилган. 

“Дарахтнинг бўшини қурт ейди”, – мақолида илмсиз, маърифатсиз одамнинг ҳаётда қийналиши англашилади. Бир сўз билан айтганда, дарахт билан боғлиқ барча мақоллар замирида меҳнатга ўргатиш ва тарбиявий аҳамиятга эга талқинлар илгари сурилган.

Жуда кўп жойларда дарахт билан боғлиқ мўъжизавий воқеа-ҳодисалар борки уларни эшитиб лол қоласиз.

Мен туғилиб ўсган Бухоро вилояти Шофиркон тумани кўплаб маърифатли, азиз ва табаррук инсонлар етишиб чиққани билан машҳур. Ўсиб-улғайган масканимнинг ўзида дарахт ва унинг азиз-авлиёлар номи билан боғлиқ жиҳатлари борлигини биламан. 

“Биби Кабўтпўш”деган авлиё дарахти тепасида туғ – бор. Бу ердаги дарахт ўсишдан тўхтаб, кичкина кундага айланиб қолган. Аммо ҳамон инсонлар у дарахтдан дардларига шифо топишади. Бир замонлар кўк йўтал касаллиги бўлган. Бу дардга чалинган болаларга шу дарахтни ювиб, артиб, устидан озгина сув оқизиб, идишга солиб олишади. Шу сувдан бемор  болага ичиришади. Бу йўталдан тез қутулиши учун қилинган. Ҳозирги кунда ҳам йўтал бўлган болалар тузалавермаса,тезроқ шифо топиши учун бу жойга мурожаат қилинади. 

“Биби Кабўтпўш авлиё дарахти” деб номланган бу маскан, мана, асрлар оша ҳамон муқаддаслигича сақлаб келинмоқда. “Биби” – “буви”, “кабўт” –“кўк” дегани. “Пўш” эса “кийган” маъносини беради. Шу тариқа “Биби Кабўтпўш”бирикмаси “Кўк кийим кийган кампир” маъносини билдиради.

“Биби Кабўтпўш” авлиёсидан сал тепароқда “Чилдухтарон”  авлиёси бор.  “Чил” – “қирқ”, “духтар” – “қиз” дегани. “Қирққиз” авлиё дарахтини  билганимга 65 йилдан ошяпти. Уни болалигимда қандай кўрган бўлсам ҳозир ҳам шундай. Синмайди, чиримайди. Катта ҳам бўлмайди, кичкина ҳам. Дарахт шунчалар қарики, одамнинг қучоғига сиғмайди. Баланд ҳам бўлмайди, паст ҳам. Шуниси билан у – мўъжизанинг ўзгинаси. Бу ерда яшайдиган аҳоли бу дарахтга ҳеч қандай озор етказмайди. 

Кўчамизда “Биби Нор” деган кайвони (дастурхончи) аёл шу авлиё дарахтнинг ёнгинасида яшардилар. 15 ёшларимда у киши Чилдухтарон авлиё дарахти ҳақида гапириб берган эдилар. Айтишларича, кечқурунлари бу дарахтдан нур таралиб, хурсандчилик овозлари эшитилар, уни фақат  хос одамларгина илғар эмиш. Бундай ҳолга гувоҳ бўлганлар: “Чилдухтарон (яъни қирқ қиз) базм қиляпти”, – дейишар экан. Шунчаки одамларнинг кўзига базм кўринмас экан. Бунга маҳаллий аҳоли:“Чилдухтарон авлиё дарахтининг каромати”, – деб қараган. Аллоҳнинг инояти билан пайғамбарларга мўъжиза кўрсатиш берилгани каби, авлиёларга каромат насиб этади. 

Шу авлиё ҳақида Сайфиддин амакимнинг аёллари – Раҳима янгамиз ҳам қизиқ воқеани айтиб берган эдилар. У киши ҳам бу авлиё  дарахтдан кечқурун нур таралиши, лекин у ҳаммага ҳам кўринмаслиги, қалби тоза, ихлос қилган одамларгина кўра олишини айтган эдилар.  Оилавий ҳаётларида кўп азоб-уқибат тортган аммаларининг бу авлиё дарахт тўғрисидаги фикрларини ҳам эслар эдилар. Аммалари бир кечаси Чилдухтарон авлиё дарахтидан нур таралиб, қаҳ-қаҳ овозлари билан ила базм қилаётган қирққизни кўрганларини гапириб берган эканлар. Буларнинг қанчалик ҳақиқат экани эса – фақат Аллоҳгагина аён.

Ғиёсиддин Хондамирнинг Алишер Навоийга бағишланган “Макоримул-ахлоқ” асарида келтирилишича, Навоий қурдирган ҳовузлардан бирининг ҳам, ҳаммомларидан бирининг ҳам номи “Чилдухтарон” бўлган.

Биз яшаган ҳудудда етти авлиё зотнинг қадамжолари мавжуд бўлиб, халқ уларни “Ҳафт додарон”, яъни “Етти ака-ука” деб юритади. Шу еттидан тўрттаси – бевосита дарахт билан боғлиқ. “Саййиди Пок” номи билан боғлиқ жойда учта дарахт – бор. Уларнинг шохлари гўё булутларга етувчи улкан тут дарахтининг ер устидаги айланаси – 6 метрдан кўпроқ, диаметри – 2 метрча. Кексаларимиз бу дарахтнинг ёшини “500 йилга яқин” деб тахмин қилишади.

“Мири Камол” номи билан боғлиқ авлиё жойдаги дарахт ҳам жуда улкан. Унинг шакли чўккан туяга ўхшайди. Ҳайратдан ёққа ушлайсиз. Шу ерликлар уни “Уштур чўкди” номи билан аташади. 

Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам азиз-авлиёлар номи билан боғлиқ кароматли дарахтлар борки, илм уларни ўрганиб, чуқур тадқиқ этишни талаб этади.

Дунёда инсон ақл-заковати етмайдиган қанчадан-қанча сир-синоатлар мавжуд. Лол бўлиб қолишдан бошқа чора тополмаймиз.

Эҳтимол, бу дарахтлар бизга табаррук зотларни эсга олиб туриш учун Аллоҳ яратган бир мўъжизадир? Шу тариқа Яратган эгам бизга шундай муқаддас инсонлари бор бир буюк гўшанинг фарзандлари эканимизни бот-бот уқтириб ҳам турар.

Зиёда ҒАФФОРОВА,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори,

Тошкент амалий фанлар университети доценти,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.