Жиззах вилояти Мирзачўл туманида “Яшил макон” умумхалқ дастури доирасида амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир туманнинг “Ғалаба” маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлар олдидаги бўш ерда ташкил этилди.
Семинарда туман ҳокими Ботиржон Мирзақулов, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарлари, мудофаа бўлими ходимлари, иқтисодиёт, қурилиш, ижтимоий ва қишлоқ хўжалиги тармоқларига оид ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда нуроний оқсоқоллар иштирок этишди.


Тадбир иштирокчилари амалий кўчат экиш ишларида фаол иштирок этишди. Бу жараёнда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш ва туман ҳудудида яшил майдонларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар давомида манзарали ва соя берадиган дарахт кўчатлари экилиб, бўш ерлар ободонлаштирилди. Бу ишлар маҳалланинг ташқи қиёфасини янада гўзаллаштириш, аҳолининг дам олиш ҳудудларини яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.


Туман раҳбарияти, мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий фуқаролар елкама-елка бўлиб, обод ва яшил ҳудуд яратишда фаоллик кўрсатишди. Улар “Яшил макон” ташаббуси орқали табиатга эътибор ва муҳитга меҳр кўрсатиш ҳар бир фуқаронинг эзгу бурчи эканини таъкидлашди.
“Яшил макон — яшил келажак! Яшил макон — ҳар бир юртдошнинг эзгу амали!” шиори остида ўтган тадбир экологик барқарорлик ва жамоавий ҳамкорлик ғоясининг афзаллигини яна бир бор амалда исботлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари