Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарахт кесганларга кескин чора қўлланди
17:05 / 2026-01-23

Сирдарё вилоятида 2025 йил давомида дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 90 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, айбдорларга нисбатан жами 769 миллион 548 минг сўм жарима қўлланилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори 275 миллион 734 минг сўм этиб белгиланди.

Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган “Кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сонли фармони талабларига зид равишда содир этилган. Ушбу фармонга мувофиқ, қимматбаҳо дарахт навларини кесишга жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.

Аниқланган 90 та ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Назорат тадбирлари давомида ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Мутахассислар фикрига кўра, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши нафақат экологик муаммо, балки жамоат саломатлиги ва ҳудуднинг иқлим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омил бўлиб, ҳаво сифатининг ёмонлашиши, тупроқ эрозияси ва чўлланиш хавфининг ортишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда ваколатли идоралар томонидан дарахтларни муҳофаза қилиш, экологик қонунбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири