Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарахт кесган маъмурий жавобгарликка тортилади, уни қуриб қолишига сабабчи бўлганларчи?
12:50 / 2023-08-01

Жиззах давлат педагогика университети ўқитувчиси Кермон ака Юсупов билан ҳар-ҳар замонда учрашиб қолсак, турли мавзуларда суҳбатлашиб, баҳслашиб турамиз.

Домла куни кеча эрталаб телефон қилиб мен сўраган – Алексей Васильевнинг “Мост через Босфор” асарини шахсий кутубхонасидан топганини, ўқиб чиқишим учун бериб туришини, айни вақтда, Жиззах шаҳри Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйида жойлашган Жиззах ихтисослашган санъат мактаби олдида эканини, вақтим бўлса бориб олишим мумкинлигини айтди.  

– Мен сизга икки жойни кўрсатишим учун 2 дақиқадан 4 дақиқа вақтингизни ажрата оласизми? – деб сўради Кермон ака, мен айтилган жойга етиб борганимда ваъда қилинган китобни менга тутқазар экан. Розилигимни олгач, у киши мени Жиззах ихтисослашган санъат мактаби боғи томон бошлади.  

– Мана шу дарахтлар салкам 50 ёшда, улар янгидан очилган Жиззах вилоятининг биринчи олийгоҳи – педагогика институтининг маъмурий ва ўқув корпуси (ўша вақтдаги) ҳамда талабалар ётоқхонаси биноси қурилаётган пайт экилган. Шунча вақт яшнаб турган дарахтлар мана энди, сув ичмаётганидан бир четдан қуриб қоляпти, – деди Кермон ака ачинганча.  

Сўнгра, йўлни қарама-қарши томонидаги 1-сон ихтисослашган мактаб-интернатига қарашли боғ томон бошлади.  

– Мана бу 25-30 туп балки ундан ҳам кўпроқдир, қайрағочлар ўтган йили экилганида ям-яшил бўлиб кўзни қувнатар эди, ҳозир эса – уларнинг бирор тупи қолмай қовжираб қолган. Узр, мени шогирдларим кутиб қолди, – дея, “Хулоса ўзингиздан” деганидек, тез хайрлашиб иши сари равона бўлди.  

Шу ердан деярли ҳар куни ўтарканману катта йўлдан сал ичкарироқда бўлганига кўзим тушмаган экан деган ўй билан уяли алоқа воситам орқали бу “ажиб” манзарани тасвирга туширдим...  

...Бундан 10-15 йил муқаддам, йўлим тушиб, Самарқанд вилоятидаги қир ва даштликда жойлашган бир қишлоққа бориб қолдим. На бирор булоқ, на “водопровод” ва ҳатто оқава сув ҳам бормаган. Аммо ҳар бир ҳовлида ток, ўрик, олма, нок, йўл четларида ёнғоқ, тут, чинор каби дарахтлар яшнаб турибди.  

Ҳар бир хонадоннинг қудуғи бўлиб, ўзлари ҳам, қўй-моллари ҳам шу қудуқдан сув ичишар экан. Ҳар туп дарахтга, катта-кичиклигига қараб, 0,5 литрдан 5 литргача бўлган “баклашка”(суюқлик учун турли ҳажмдаги идиш) ларни, таг қисмини кесиб, чаппа қилган ҳолда қопқоғини тешиб дарахтларга боғлаб қўйишибди. “Сувсиз, лалми ерда яшиллик яратишни ўргатган оталарига раҳмат, шуларни!” деб юборган эдим ўшанда.    

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши кўзда тутилган эди.  

Бу ишлар ҳар ҳолда Жиззах вилоятида белгиланган режадан ортиғи билан бажарилди. Лекин...  

Лекин, минг афсуски, шаҳарнинг қоқ марказида юқоридаги манзарага гувоҳ бўлиб турибмиз. Эҳтимол бундай ҳолатлар, яна чиқиб қолар, аммо биз хабардор бўлганлари шулар бўлди. Жорий қиш совуқ келди. Ёш нав ниҳоллар совуқдан музлаб, қуриб қолганлиги ҳақиқат. Лекин Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан аномал совуқ натижасида қуриб қолган дарахт ва бута кўчатларини хатловдан ўтказиб, ҳар туп қуриган дарахт ўрнини 5 тупдан навниҳоллар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратиб, бу хайрли ишни бутун вилоят бўйлаб амалга ошираётгани ҳақида, жорий йилнинг 12 июлида ЎзАда мақола берилган эди.  

Эҳтимол, Жиззах шаҳридаги 1-сон ихтисослашган мактаб-интернати жамоаси қуриб қолган кўчатлар ўрнига “Ободонлаштиришми ёки кўкаламзорлаштириш ташкилотими, балки, шаҳар ҳокими келиб кўчат экиб берар”, деб,  Жиззах ихтисослашган санъат мактаби раҳбарияти эса “Қачон оқава сув берса, шунда суғорамиз” деб кутиб ўтиришгандир? Акс ҳолда шу муассасалардаги, штат белгиланиб, маош олаётган боғбон ёки унинг ва шу каби техник ходимларнинг ишни назорат қилувчи “зовхоз” (хўжалик ишлари мудири) ёки барчаларини ишлари учун жавобгар бўлган директор, “Мана бу қураган кўчатларни ўрнига янгисини экайлик” ёки “Сувсизликдан қовжираб қолаётган 50 йиллик дарахтларни челаклаб бўлсада суғорайлик” деган бўларди-да, тўғри эмасми?!.  

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисида” боб мавжуд. VIII бобнинг 79-моддасида: “Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш” ни содир этган “фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.  

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.  

Юридик шахсларга тегишли бўлган ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея таъкидланган.  

Хўш, бизнинг тоза ҳаводан нафас олишимиз учун кислород ишлаб чиқарувчи, ҳозирги каби аномал иссиқда соябон бўлувчи дарахтларни қуриб қолишига сабабчи бўлган, юқорида таъкидланган: 1-сон ихтисослашган мактаб-интернати ҳамда Жиззах ихтисослашган санъат мактаби раҳбар ва ходимларига қонунчиликда қандай жазо қўлланилади?  

Ёки бошини силаб, “Сиз раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги дарахтлар қуриб қолибди, узр кўрмай қолибмиз, рухсат берсангиз янгисини экиб, суғориб қўйсак” деб остонасига бош эгиб борамизми?  

 

А.ҚАЮМОВ,  

ЎзА