English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дарахт экишнинг баҳорги мавсумига старт берилди
15:32 / 2024-03-18

Жорий йил 16–18-март кунлари Наврўз умумхалқ байрами арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида анъанавий тарзда ўтказилаётган хайрия ҳашари тадбирлари уюшқоқлик билан ташкил этилди.

“Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтаётган ушбу тадбир давомида юртимизда дарахт кўчатлари ўтқазишнинг баҳорги мавсумига старт берилди. Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 3 гектардан ортиқ майдонга қарийб икки мингга яқин эман, қайрағоч, терак, ўрик, бодом сингари мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.  

Бундан ташқари, Тошкент ботаника боғи, 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва бошқа ҳудудларда ҳам дарахт экиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда плоггинг тадбирлари олиб борилди. Жумладан, мактаб-интернатда 300 дан ортиқ мевали дарахт ва 1000 га яқин манзарали гул ўтқазилди.  

Умумхалқ хайрия ҳашарида барча ҳудудлар фаол иштирок этди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 80 минг, Самарқанд вилоятида 600 минг, Фарғона вилоятида 550 минг, Сирдарё вилоятида 200 минг, Жиззах вилоятида 700 минг, Андижон вилоятида 120 минг, Бухоро вилоятида эса 600 минг тупдан ортиқ дарахт кўчати ўтқазилди. Шунингдек, Фарғона вилоятида ташландиқ ҳудудда “Яшил боғ” барпо этилиб, 1000 тупдан зиёд павлония, каталпа, япон сафораси каби манзарали дарахт кўчати, 4000 туп гул экилди.  

Бундан ташқари, барча ҳудудлардаги маҳалла, зиёратгоҳ, хиёбон, қабристонлар чиқиндилардан тозаланмоқда.  

Жойларда умумхалқ ҳашари тадбирлари давом этмоқда. Мақсад маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, болалар майдончалари ва бошқа жойларни ободонлаштириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашдир.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА