Бугун тунда Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарлари мезбонлик қилаётган XXV қишки Олимпия ўйинларининг шорт-трек бўйича эркаклар ўртасидаги 500 метр масофада чорак финал баҳслари ўтказилади. Унда ҳамюртимиз Даниил Эйбог 3-гуруҳда ўз иштирокини бошлайди.
Дарвоқе, Олимпия ўйинларида Норвегия делегацияси умумжамоа ҳисобида етакчиликни сақлаб турибди. Норвегиялик спортчилар айни дамда 14 та олтин, 8 та кумуш ва 9 та бронза, жами 31 та медаль жамғарган. Уларни мезбонлар 9 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медаль билан таъқиб қилаётган бўлса, Америка Қўшма Штатлари делегацияси 6 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза медаль билан кучли учликдан жой олган.

Шунингдек, Нидерландия (6-6-1) Германия (5-8-7), Австрия (5-8-4), Франция (5-7-4), Швеция (5-5-2), Швейцария (5-2-3) ҳамда Япония (4-5-10) делегациялари 4-10 ўринларни банд этмоқда.
Маълумот учун, XXV қишки Олимпия ўйинларининг бугунги дастури доирасида кёрлинг, хоккей, чанғи, тоғ чанғиси, сноуборд, бобслей ва фристайл спорт турлари бўйича баҳслар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА