Мактабларда дилга ажиб туйғулар бахш этувчи “сўнгги қўнғироқ” садолари жаранглашига ҳам оз фурсат қолди. Бир олам орзу-режаларга кўмилган битирувчиларга турли соҳалар бўйича йўналиш бериш, уларга тўғри йўл кўрсатиш эса мутасаддилар олдидаги муҳим вазифалардан саналади.
Фарғона вилояти Данғара туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Касблар фестивали” тадбири ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштирди. Тумандаги барча умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари, мактаб психологлари, иш берувчи корхоналар масъуллари таклиф этилган очиқ эшиклар куни ўзига хос байрам тусини олди.
Чиройли безатилган таълим муассасаси ҳовлисига касб-ҳунар мактабида фаолият олиб бораётган турли тўгараклар, қисқа муддатли курслар, ишлаб чиқариш цехлари томонидан ахборот-маълумот кўргазмалари жойлаштирилди. Шунингдек, барча ўқув ва амалиёт хоналари кўргазмали тарзда жиҳозланди, касб-ҳунар мактабидаги ўқув жараёни, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди. Ўқитувчилар, амалиёт усталари ва мактаб психологлари битирувчи-ёшларни батафсил таништирди.
– Бугунги тадбирга келганимдан мамнунман. 9-синфни битириб, албатта шу касб-ҳунар мактабига келиб ўқийман. Автомобиль двигателларини ташхислаш ва таъмирлаш йўналишига қизиқиб қолдим, – дейди тумандаги 14-мактаб ўқувчиси Асилбек Умаров. – Ўқувчиларимизга мазкур таълим муассасаси жуда ёқди. Шарт-шароит, таълим-тарбия жараёни билан тўлиқ танишди. Уларни тикувчилик, электромонтёр, чилангарлик йўналишлари, айниқса, кўпроқ қизиқтириб қолди, – дейди 11-мактаб психологи Дилсўз Эргашева.
Зарнигор Расулова шу касб-ҳунар мактабини битирганига бир йил бўлди. Ҳозирда университет талабаси, шунингдек, тумандаги корхонада ишлашни бошлади. Ҳумоюн Юсупов эса бу йил пайвандловчи йўналиши бўйича диплом олиш арафасида. У ҳам олий таълимда ўқишни давом эттирмоқчи.
– Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз. Касб-ҳунар мактабида ўқиб, адашмадим. Чунки умумтаълим мактабида ўқиган тенгдошларимдан фарқли равишда ҳозирданоқ қўлимда дипломим бўлади, – дейди у. Касблар фестивалида туман ҳокими Шуҳратжон Тожиҳакимов, вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Юнусовлар иштирок этиб, ёшлар билан суҳбатлашди.
Касб-ҳунар мактаби ижодкор ўқувчилари ижро этган куй-қўшиқлар, рақслар тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Бир сўз билан айтганда, бу тадбир ҳақиқий ёшлик, орзулар байрамига айланиб кетди.
М.Сулаймонов, ЎзА