Мамлакатимизда баҳорги пилла мавсумини уюшқоқлик билан амалга ошириш, ипак қуртини парвариш қилиш ва пилла етиштириш жараёнларини узлуксиз таеомиллаштириш, тут кўчатларини экиш ишлари давом этмоқда.
- Уюшмамиз назорати асосида олиб борилаётган ишлар давомида Фарғона вилоятининг туманларидаги мавсум жараёнлари ҳам кўздан кечирилмоқда, - деди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Ҳамид Очилов. - Вилоятнинг Данғара туманида 3 минг 198 қути ипак қурти парваришланиб, мавсумда 182 тонна пилла ҳосили олиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган.

Туманда пилла етиштириш учун 1 минг 94 нафар доимий, 5 минг 977 нафар мавсумий ишчилар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Жиззах вилояти Янгиобод туманида “Zomin asl ipak” МЧЖ томонидан янги технология асосида чўл ҳудудлардан иборат 300 гектар ер майдонига ипак қурти учун озуқа базаси яратилди. Ушбу ҳудудда ҳозирги кунда дала палаткаларидан фойдаланган ҳолда ипак қуртлари парвариш қилинмоқда. “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса вилоятда 2 миллиондан ортиқ тут кўчатлари экилди. Ҳозирда мазкур ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА